Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

25 December, 2024, 12:59

Жамият

ПРЕЗИДЕНТ ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ БАЙРАМ БИЛАН МУБОРАКБОД ЭТДИ

  • 06.Марта.2021
  • 1020

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.

Байрамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари хотин-қизларни ушбу айём билан табриклаб, уларга меҳри, эҳтиромини изҳор этди.

– Сизлар биз учун аввало муқаддас она, азиз Ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент хотин-қизларнинг барча соҳалардаги фаоллиги, айниқса, пандемия шароитида аҳоли саломатлигини асраш ва болаларни ўқитишдаги фидойилигини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бошқарув тизимида уларнинг улуши 33 фоизга етди. Бир ярим мингга яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Бу борадаги салоҳиятни янада ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари 6 та туманда аёллар ҳоким вазифасида ишлаётганини таъкидлаб, уларни олқишлади.

Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга кўмаклашиш бўйича энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилмоқда. Кейинги уч ойда ижтимоий ҳимояга муҳтож 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди, 32 минг нафари иш билан таъминланди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Уй-жой сотиб олиш учун 1 минг 250 нафар хотин-қизларга салкам 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди.

Президентимиз аёлларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича бугун яна бир қарорни имзолаганини маълум қилди. Унга кўра, жорий йилда турмуш шароити оғир аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 210 миллиард сўм, бошпанаси бўлмаганларни ижтимоий турар жойлар билан қамраб олиш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Шунингдек, муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам бериш, уларни даволатиш, касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш учун ҳам катта маблағлар ажратилади.

Давлат раҳбарининг нутқи халқимизга, айниқса, ёш йигит-қизларга мурожаат, даъват ҳам бўлди.

– Оила – меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу – энг улуғ саодатдир. Машҳур қўшиқлардан бирида айтилганидек, “Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир”. Мен азиз йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бу борада кўпни кўрган маҳалла фаоллари, муҳтарам нуронийлар ва ёшларга катта ишонч билдирилди.

Маълумки, шу йил 22 февраль куни давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида нутқ сўзлаб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ва тадбиркорлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлаган эди.

Байрам тадбирида Президент шу борадаги вазифаларни биргаликда амалга ошириш масалаларига тўхталиб ўтди. Қизлар тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, иш жойига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топишига алоҳида аҳамият беришимиз зарурлигини таъкидлади.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь