Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

25 December, 2024, 12:06

Жамият

ПРЕЗИДЕНТ НАМАНГАНДАГИ МЕҲРИБОНЛИК УЙИГА ТАШРИФИ ЧОҒИДА БАҒРИГА БОСГАН ҚИЗАЛОҚ ОИЛАСИГА ҚАЙТДИ

  • 02.Марта.2021
  • 923

Президент Шавкат Мирзиёев Намангандаги 26-Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида бағрига босган қизалоқ оиласига қайтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар берди.

Фотима Умрзоқова ҳозир 5 ёшда. У ва эгизак укаси Ҳусан 2 йил, опалари Ҳадича ва Ҳалима эса 3 йилдан бери болалар уйида тарбияланаётган эди.

— Уларнинг онаси ёлғиз аёл бўлгани ва етишмовчилик туфайли болаларини бизнинг муассасага топширган эди. Йил бошидан уларни олиб кетиш ҳаракатига тушиб қолди. Қизалоғини давлат раҳбари кўтариб олганини кўрганидан кейин бу фикри яна ҳам қатъийлашган бўлса ажаб эмас. Ўтган вақт мобайнида уларга биз ҳам қаттиқ боғланиб қолган эканмиз, кўзда ёш билан кузатиб қўйдик. Лекин оиласида, онасининг бағрида бўлиши биз учун муҳим, шундан хурсандмиз, — дейди Меҳрибонлик уйи директори Дилором Абдураҳимова.

Биз Умрзоқовлар оиласи истиқомат қилаётган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги «Қораёнтоқ» маҳалласида ҳам бўлдик. Болаларнинг онаси Нилуфарнинг айтишича, уларни асли куз ойларига бориб, ишлаб, пул топиб, уй-жой шароитини ўнглагандан сўнг қайтариб олмоқчи бўлган, бироқ оиладаги вазиятдан хабар топган «Саховат-Наманган» хайрия жамоат фонди аъзолари бу ташвишларни ўз зиммасига олган.

— «Болаларни зориқтирманг, олиб келинг, уйни ўзимиз таъмирлаб берамиз» дейишди. Шу йил январидан хонадонимизга усталар тушди, чала битган уйларимиз ҳозирги шинам ҳолатга келди. Фотимани телевизорда кўриб, қўни-қўшнилар бу ҳақда айтганидан кейин эса ўзим ҳам шошиб қолдим. Энди болаларимни мактаб ва боғчаларга бераман, ўзим ишга кираман. Ота-онам ўтиб кетишган бўлса ҳам укам ёрдам бериб турибди. Қолаверса, саховатпеша инсонлар ҳам қараб туришмаяпти, мен кутгандан ортиқ ёрдам беришяпти, — дейди Нилуфар Умрзоқова.

«Саховат-Наманган» хайрия жамоат фонди вакили Бахтиёр Юсуфжоновнинг таъкидлашича, Нилуфар ва унинг болалари яшайдиган хонадон бошдан-оёқ таъмирлаб берилган. Ҳовлига дарвоза, уйларга эшик-ром ўрнатилган, шифт ва пол қилинган, кўрпа-тўшак, идиш-товоққача етказилган. Келгусида ҳам болалардан доимий хабар олиб турилади ва улар учун барча зарур шароит яратиб берилади.

Маълумот учун, Намангандаги 26-Меҳрибонлик уйини 13 нафар тарбияланувчи тарк этган. Улардан 5 нафари фарзандликка берилган бўлса, 8 нафари оиласига қайтган. Оиласига қайтганлар сафида Фотима, унинг икки опаси ҳамда эгизак укаси ҳам бор.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь