ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 36738
01 April, 2025, 06:12
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш ҳамда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга жамият ҳаётининг турли соҳаларида ривожланиш бўлгани каби рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳолатининг кенгайиши процессуал қонунчиликда рақамли далиллар тушунчаларининг ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.
Жорий йилнинг 21 ноябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонуни ва айрим кодексларга ўзгартиришлар киритилганлиги ҳам бежиз эмас.
Хусусан, ушбу қонун билан рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.
Бунда ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли.
Суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмни кўздан кечириши, иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилиши белгиланди.
Шунингдек, рақамли далиллар тушунчаси ҳам киритилиб, унга кўра иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллар эканлиги, рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилиши белгиланди.
Шунингдек, суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланиши, рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланиши белгиланди.
М. РАҲИМОВ,
Наманган вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси.
Б. ҲУСАНБОЕВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти