ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:04
Вилоят ҳокимининг топшириғи билан
Наманган тумани Шўрқўрғон қишлоғидаги «Кўл бўйи» маҳалласининг катта қисмида 15 йилдирки, ичимлик суви йўқ эди. Одамлар бошқа маҳаллалар кўчасида оқиб ётувчи жўмраклардан сув таширдилар. Айниқса, аёллар ва болалар қийналишарди.
Мазкур муаммо юзасидан маҳалламиз фуқароси Файзулло Умматов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасига мурожаат йўллаган. Ҳоким ўринли илтимосни инобатга олиб, туман мутасаддиларига топшириқ берган. Масъуллар айни масала бўйича ҳудудга келиб, вазиятни ўрганишди ва тезда фаолиятга киришишди.
Қишлоқ марказидаги артезиан сув тармоғидан маҳалла ичигача 450 метр йўл қазилиб, аввал шифохонаси бўлган Элатан кўчасига қувур тортилди. Туман ҳокимлиги вакили Акмал Ашуров, туман сув таъминоти бўлими МЧЖ раҳбари Собитхон Мамадалиев, қишлоқ ичимлик суви ташкилоти етакчиси Муҳиддин Иномов ва мутахассиси Шуҳрат Фузаловлар охиригача бошчилик қилишди. Катта Тошбулоқ тадбиркори Ҳакимжон Тошбоевнинг сифатли ва қалин пластик сув қувурлари йўналишга ётқизилди.
Маҳалла аҳли ҳам қараб турмади, ҳашар билан молиявий ҳиссаси, меҳнатини қўшди. Уч кун деганда созлаш юмушлари якунланди ва уста хизматчилар вазифани моҳирона уддалашди. 50 га яқин хонадонга обиҳаёт кириб борди. Хушхабардан сўнг чуқур жойлар тупроқ билан текисланди. Катта-кичик, оғир идишларда тоза ичимлик суви ташиш машаққатидан қутулган барча хурсанд. Шу ерда яшовчи нуронийлар эзгу мақсаднинг ташкилотчиларию ташаббускорлари ва ижрочиларига куч-қувват тилаб, дуога қўл очишди.
«Кўл бўйи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муборак Ўғлонова яхши кайфиятда илиқ муносабатини билдирди:
- Фурсатдан фойдаланиб, шу муборак кунларда савоб ишни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратган вилоят ва туман ҳокимларига маҳалладошларимиз номидан самимий миннатдорлигимизни етказиб қўйинглар. Илоҳим, сувдек азиз ва сероб бўлишсин!
Ҳа, жўмракдан тўлиб оқиб тушаётган муздек зилол неъматни биз бошқача қадрлаяпмиз...
Орифжон ЖЎРАЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти