ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35103
22 December, 2024, 02:38
Ҳар биримиз, ҳаммамиз умргузаронлик қилиш, бола-чақа боқиш, рўзғор тебратиш мақсадида муайян касб-ҳунар, меҳнат тури билан машғулмиз. Иш кунини якунлаб уйга қайтар эканмиз, табиий ҳолки, бугунимиз қандай ўтгани ҳақида фикр юритамиз. Керакли хулосаларни чиқарамиз. Шу билан бирга, хомаки ёки қатъий бўлса-да, эртанинг режасини тузиб қўямиз. Бу – албатта, мақбул одат.
Касбу корларнинг яхши-ёмони бўлмаганидек, уларнинг барчаси жамият учун, ҳаёт учун муҳим ва зарур. Қолаверса, «сабаби – тирикчилик» деган иддао билан хайрли саналади. Хўш, бугунги иш кунини ким қандай ўтказди?
Ўқитувчи:
– Бугун энг кўп соат дарс берадиган куним. Синфимдаги болаларнинг фаоллиги ёмон эмас. Энг аълочи икки ўқувчимни фан олимпиадасига тайёрлаяпман. Биронтаси ғолиб бўлса – олий тоифа оламан. 9-«Б»даги тўполончи Бахтиёр ҳеч ўнгланмади. Дарсда телефон ўйнаб, бошқаларнинг хаёлини чалғитиб, асабимга тегди. Эртага ота-онасига қўнғироқ қилсаммикан ё уйига борсаммикан? Боласини бир тартибга чақириб қўйишсин...
Туғруқхона шифокори:
– Тунги навбатчилик ҳам, кундузи ҳам тик оёқда қийин ўтди. Оғир беморнинг операциясини зудлик билан ўтказдим. Ўзиям тўрт соатга чўзилди. Шукур, она билан болани сақлаб қолдик. Ҳозир икковининг ҳам аҳволи тузук. Хавф ўтиб кетди. Шундай қийинчилик бўлса-да, лекин бугунги тушум ҳам чакки эмас. Чақалоқлар туғилаверсин, сахий оталар, бойвучча оналар, қайноналар кўпаяверсин...
Гўрков:
– Аллоҳнинг пешонамга ёзган қисмати, қолаверса, ота мерос касб экан-да. Ҳа, энди бу ишниям кимдир қилиши керак-ку. Аммо бугун автоҳалокатда вафот этган, икки норасидаси қолган ёшгина эркакка қабр қазиётганимда юракларим эзилиб кетди. Афсуски, кейинги пайтларда бахтсиз тасодифлар орқасидаги фожиалар кўпайди. Ҳар сафар шунақа пайтлар «Бўлди, бу ишни ташлайман...» дейман-у тарк этолмайман. Начора! Айримлар назарида гўрковлар қанча кўп қабр кавласа – шунча кўп пул топади, деган ақида юради. Тўғри, буям аччиқ ҳақиқат. Аммо мен орзу қилардимки, ҳеч ким ўлмасин-у мен кабилар ишсиз қолиб, бошқа иш қидиришсин...
Фирибгар:
– Бугун ишим яхши бўлмади. Одамлар ҳам ақлли. «Лева» топаман деб, уларни алдаб, ёқасидан кириб енгидан чиқсам ҳам ишонмайдиган бўлиб кетишган. Биргина ойликка қараб ўтирадиган бўлсам, ҳали-вери косам оқармайди, шекилли...
Дорихона мудири:
– Ўзимам ҳайрон қолдим – бугун ойлик режани ортиғи билан бажардим, шекилли. Қўлида рецепт кўтарган харидорлар навбати ҳеч бунчалик қаторлашмаган эди. Сўрагани йўқ бўлса бошқасини «заменитель» деб ўтказвордим. Худо ўзи кечирсин-у, касал қанча кўпайса – даромадимиз шунча ошади. Шу кетишда ярим йилга қолмай машинамни янгилайман.
Косиб:
– Бошқаларнинг назарида камтарона ҳунарим билан фақирона ҳаёт кечираётганга ўхшайман. Аммо кунлик топишим айримларникидан яхши. Биз ямоқчи косибларнинг бахтига Хитойнинг арзон, икки ҳафта кийса чоки сўкиладиган пойабзаллари бор бўлсин. Шунда мижозларим кўпаяди. «Дўст – бошга, душман – оёққа қарайди», деган мақол аслида бизнинг фойдамизга ўйлаб топилгандек. «Душманини» суюнтиргиси келмаганлар менга тез-тез мурожаат этишларини Худодан тилайман.
Журналист:
– Бугуним жуда файзли ўтди. Ёзган танқидий мақолам орқасидан катта шов-шувлар кўтарилди. Маҳаллий ҳокимият шу юзасидан алоҳида қарор қабул қилгани йиғилишда эътироф этилиб, шаънимга мақтовлар ёғдирилди. Биттагина мақолам билан анча-мунча ишлар амалга оширилиб, ҳақиқат қарор топадиган, неча инсоннинг қалбига қувонч кирадиган бўлди. Эзгуликка, юртимга, халқимга хизмат қиладиган шу касбни танлаб адашмаган эканман. Тўғри йўлни кўрсатганинг учун ҳам Ўзингга шукур, Аллоҳим!
Ҳаммаси – ниятга яраша, деган гап бор. Буёғига қандай хулоса чиқариш Сизга ҳавола, азизлар!
Рислиқхон МАЖНУНОВА.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти