Қисқа сатрларда

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

«Ипак йўлида туризм - 2024»: меморандум имзоланди

Вилоят ҳокими шароитлар билан танишди

04 December, 2024, 09:26

Жамият

САПЁР БИР МАРТА АДАШАДИ

  • 06.Мая.2020
  • 1159

Қаҳрамонимиз – Абдусалом ота Раҳмонов нафақат уруш қатнашчиси, балки бу тарихни келажак авлодга етказиб бера олган фидойи.

Наманган туманидаги 27-мактаб ўқувчилари ҳали-ҳамон устозни учрашувларда интизор бўлиб кутишади. "Тирик тарих"га айланган бу табаррук инсон 96-баҳорни қаршилади. Урушдан қайтгач,  мактабда дастлаб тарих фанидан дарс берган Абдусалом Раҳмонов фаолиятини директорлик лавозимида давом эттирди.

Ёш авлодга уруш хотираларини сўзлаб бераркан, Абдусалом отанинг кўзларидан биргина маънони уқса бўлади: "Урушнинг оти ўчсин!".

Нафақага чиққандан сўнг ҳам Хонобод ва Маллаҳовуз маҳалла фуқаролар йиғинига раислик қилган "қишлоқ отаси" бугун ҳам бардам.

- Болалигим коллективлаштириш сиёсати, бойлар, зиёлиларни қатағон қилиш, очлик ва қаҳатчилик авжига чиққан даврга тўғри келди. На тўйиб овқатланишга, на бут кийинишга имкон бўлди. Айни йигитлик даврим, 18 ёшимда (1942 йили) ҳарбий хизмат учун фронтга жўнадим. Горький шаҳрида 205-Ўқчи полкида хизматни бошладим. Сўнгра Москвага алоҳида топшириқларни бажарувчи дивизияга юборишди. Москва, Сталинград мудофааларида қатнашиб, махсус топшириқ билан Грозний, Чебоксари шаҳарларида бўлдим. Урушда асосан сапёрлик қилганман. "Сапёр бир марта адашади" деган нақлни эшитган бўлсангиз керак, - дейди биз билан суҳбатда Абдусалом ота Раҳмонов. - У ажални қўли билан ушлаб, бармоқлари билан даф қилиши керак.  "Ё сен уни ёки у сени!"  - урушдаги мантиқ шу.

Абдусалом ота баъзан аламли бу хотираларни эслашни, гапиришни ҳам истамайди. Кўзларини юмганча қаттиқ ўйга толган отахонни кўриб, оғир ўтмишини ёдга олгиси келмаслиги, навқирон йигит ёшида шаҳид кетган дўстларини унутиб бўлмаслиги, аламли, азобли йилларнинг хотири осон кечмаслигини англадим.

Собиқ сапёр Абдусалом ота ўтган кунида Ватан ҳимояси учун иккиланмай отланганидан, мардонавор жанг қилганидан фахрланади. Дуога очилган қўллари фақат ва фақатгина юртга омонлик, барака сўрайди.

Кўксини ордену медаллар безаган отанинг атрофида 8 нафар фарзанди, қирқ нафардан ортиқ набираю абиралар кўнглини тўлдиришади.

Ҳозирги кун шукронаси, тўкинлик, осойишталик қадрига етишни таъкидлашдан чарчамайди. "Бундай замонлар  қанчадан-қанча юрт ишқида, тинчлиги йўлида жон берган алпдек ўғлонлар мардлиги эвазига келганини унутмаслик, қадрига етиш керак"лигини эслатиб турган Абдусалом Раҳмонов бугун орамизда пиру бадавлат умргузаронлик қилмоқда.

Саида ИСМОИЛОВА

Энг кўп ўқилганлар

Календарь