ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35116
23 December, 2024, 03:22
– Пенсия ва нафақани пластикда оладиганларга нима учун қўшимча 1 фоиз қўшиб бериляпти?
О. Абдуллаев,
Наманган шаҳри.
Саволга вилоят Пенсия жамғармаси Наманган вилояти бошқармаси пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни молиялаштириш бўлим бошлиғи Музаффар Кенжаев жавоб беради:
– Шу пайтгача кўплаб пенсионерлардан қуйидагича шикоят келиб тушарди: “биз пластикни ҳамма жойга ҳам ишлатолмаяпмиз, баъзан нақд пул ҳам керак бўляпти, лекин банкоматлардан пулни нақдлаштирсак, банк хизмати учун 1 фоиз олиб қолишади, биз зарар қиляпмиз” деган мазмунда.
Мана шу эътирозлардан келиб чиқиб, 1 майдан бошлаб пенсия ва нафақасини пластикда оладиган барчага 1 фоиз қўшимча пул қўшиб бериладиган бўлди. Шунда банкоматдан нақдлаштирганда пенсионерлар ҳеч қанақа зарар кўрмайди.
Энг қизиғи, мабодо пенсионер пластикдаги пулни нақдлаштиришни истамаса, унда ўша 1 фоиз пул олиб қўйилмайди, балки бу қўшимча пул пенсионерларда қолади.
Лекин нақд пулда пенсия оладиганларга 1 фоиз қўшиб берилмайди, улар пенсия ва нафақаси қанча бўлса, шунча олади. Ва шунга яраша қўшимча харажат ҳам қилмайди. Нақд пулни тарқатишдаги харажатлар учун давлат бюджетидан “Халқ банки”га 1 фоиз маблағ берилади, бу пул пенсионерлар ҳисобдан олинмайди.
Юқоридагиларга кўра, нақд пулда пенсия ва нафақа оладиганларга яхшиси бу пулни пластикда олишга ўтишларини тавсия қиламан. Шунда ҳам қулай бўлади, ҳам қўшимча фойда бўлиши мумкин.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти