ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35111
22 December, 2024, 01:57
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов хорижда ишлаётган юртдошларимиз билан илк маротаба онлайн мулоқот ўтказди. Унда Москва, Санкт-Петербург, Самара ва Екатеринбург шаҳарлари ҳамда Красноярск, Амурск вилоятларидаги ҳамюртларимиз билан суҳбатлашилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига, вилоятимиздан чет элга чиққанлар сони 87 минг 236 нафарни, уларнинг 84 минг 603 нафари эса хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётганларни ташкил этмоқда.
Ўтган йили хориждаги меҳнат мигрантлари ҳолидан хабар олиш учун уч маротаба – Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари ва Самара вилоятига ҳамда Жанубий Кореянинг Сеул, Пусан, Чангвон, Буё шаҳарларига хизмат сафарлари амалга оширилди. Вилоят раҳбари шахсан Москва вилояти Норо-Фоминск районида «Пик Индустрия» ташкилотига ва Самара вилоятига бориб, ҳамюртларимиз билан юзма-юз учрашди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида уюштирилган мулоқотда ватандошларимиз вилоят раҳбарига ўзларини ўйлантирган масалалардаги мурожаатларини онлайн йўллаш имкониятига эга бўлишди.
Масалан, Самара шаҳрида ҳам ўқиб, ҳам меҳнат қилаётган Чортоқ туманининг Короскон қишлоғидан Равшан Акрамов олисда онаси билан бирга яшаётгани сабаб иккинчи семестрдаги таҳсили учун контракт тўловига қийналиб қолганлигини айтиб, амалий ёрдам сўради. Темирйўл мутахассислиги бўйича ўқиётган 20 ёшли ҳамюртимизга бир эмас, икки семестрга етадиган шартнома пулини вилоят бюджети захираси ва «Ёшлар» жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилиши маълум қилинди.
Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи Гулноза Халилова 20 йилдан бери ижарада яшаб келади. Қолаверса, ногиронлиги бор фарзандини даволаш ва унинг жарроҳлик амалиёти сабабли қарзга ботгани учун ҳозирда Новосибирск шаҳрида ишлашга мажбур бўлмоқда. У уй-жой олишга ва фарзандининг саломатлигини мустаҳкамла
шга амалий кўмак кераклигини билдирди.
– Уй-жойсиз аёлларнинг эҳтиёжларини таъминлаш борасида «Наманган тажрибаси»ни йўлга қўйганмиз. Ўтган йил охирида Янги Наманган туманида 120 нафар аёлга бепул уй-жой бердик, бундан ташқари Косонсой туманида ётоқхонада яшаётган 18 нафар, Наманган шаҳридаги собиқ педагогика коллежи ётоқхонасида истиқомат қилаётган 51 нафар аёлга ҳокимият ҳисобидан уй олиб берилди, – деди вилоят ҳокими. – Жорий йилда ҳам ҳар бир тумандан 10 нафардан аёлга уй олиб берамиз. Сизни ҳам шу рўйхатга қўшамиз. Бепул уй-жой билан таъминлаймиз. Дори-дармонга ҳам ёрдам берамиз.
Мулоқот давомида уй-жой, субсидия, тадбиркорлик, уйлардаги коммунал хизматлар муаммолари каби ҳар бир мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ижобий ҳал қилиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди. Вилоят ҳокими хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг мурожаатлари билан тизимли ишлаш учун онлайн платформа яратиш таклифини ҳам илгари сурди.
Мулоқотга меҳнат мигрантларининг оила аъзолари ҳам таклиф қилиниб, улар орасида эҳтиёжмандларига тикув машинаси, газ плитаси ва бир марталик моддий ёрдам пуллари тақдим қилинди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти