Қисқа сатрларда

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

«Ипак йўлида туризм - 2024»: меморандум имзоланди

Вилоят ҳокими шароитлар билан танишди

04 December, 2024, 09:54

Жамият

ТАДБИРЛИ ВА МИРИШКОР ХАЛҚ ҲАР ҚАНДАЙ СИНОВГА ЕЧИМ ТОПАДИ

  • 26.Апреля.2020
  • 1057

Коронавирус пандемияси барҳам топар, карантин ҳам тугар. Ҳаёт эса давом этади. Тирикчилик бор, қора қозон эса қайнаб туриши шарт. “Уйда қолинг” даъвати баҳона, кузатиб турибмиз, аҳоли хонадонларида, айниқса, томорқаларида ҳар йилгидан кучли деҳқончилик қилинмоқда. Ёшу қари тенгидан экин-тикинга эътибор қаратаяпти.

Икки сотих экин ери бор оила астойдил ҳаракат қилса, қозонга тушадиган сабзавотни, картошкаю кўкатни ўз қўли билан етиштириши мумкин. Бу йилгидай меҳр билан қаралаётган деҳқончиликдан бозорга чиқарса бўладиган ҳосилга ҳам кафолат бор. Масалан, биргина Наманган вилоятида бу йил 1 миллион 282 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режаси устида ишланаяпти. Аҳоли томорқаларида ҳам, фермер хўжаликларида ҳам, деҳқон хўжалиги деб олинган бир кафт ерга ҳам диққат-эътибор билан уруғ қадалмоқда, яхши ниятлар қилинаяпти.

Мард, танти, меҳнаткаш, айни вақтда миришкор халқимизнинг табиати шунақа. Ҳар қандай синовни мардонавор енга олади. Ҳар қандай шароитда ечим қидиради, кўзи қараб турмайди. Вилоят сектор раҳбарлари бош бўлиб, деҳқонлар 30-40 йил аввал насослари куйиб, сув чиқмай ташлаб юборилган минглаб гектар ерларни қайтадан экинзорларга айлантириш лойиҳаларини амалга ошира бошладилар. Жумладан, Чортоқ туманида яқин 300, Чустда 1000 гектар, Поп туманида ундан ҳам кўп ерлар бу йил экин оборотига киритилмоқда. Чортоқ туманида ана шундай фойдаланилмаётган ерларга сув чиқарилиб, ишсиз ҳамюртларга иссиқхоналар қуриб берилмоқда.

Уруш йилларини бошидан ўтказган миришкор отахонлар билан гурунглар қилганмиз. Улар ўша мудҳиш кунларни эслаб, “Халқимиз сабр билан чунонам меҳнат қилардики, Худойим шунга яраша нусрат берар, битта чаноқдаги пахта кафтга сиғмас, ҳар толасида 12 тагача бўлиқ, тўйинган чигит бўларди” деб ҳикоя қилишарди. Айтмоқчиманки, яратган бизга ато этган она-замин ана шундай барокотли. Кимки яхши ният билан ҳалол меҳнат қилса, орзулаган ҳосилига етади. Айниқса, бу йил учун энг оқилона чора ҳам шу. Бежиз Президентимиз томорқа ерларидан самарали фойдаланмасликни хиёнат, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш биринчи даражали масала деб айтмади.

Ҳали имконият бор, вақт бор. Карантин талабларига қатъий риоя қилиб, ўзимиз ва оиламиздагиларни эҳтиёт чорасини кўрган ҳолда, баҳорнинг ҳар онидан фойдаланиб қолишимиз, рўзғорбоп, имкони борлар бозорбоп неъматларни экиш-тикишга, парваришини омилкорлик билан ташкил этишга астойдил бел боғлаши керак. Бинобарин, бу халқимизнинг бугунги синовли кунлардаги ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги ва бардош билан нажот йўлини тўғри танлаётгани каби жуда муҳим ва аҳамияти тиғиз масаладир.

Маҳмуджон ПАРПИЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

Энг кўп ўқилганлар

Календарь