Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

23 December, 2024, 03:44

Жамият

Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади

  • 09.Июня.2022
  • 919

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоятдаги олий таълим муассасалари талаба ёшлари билан учрашди.
Мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, навқирон авлод вакилларининг қизиқишлари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, шаҳар ва туманларда ҳокимлар томонидан ёш ўғил-қизлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларда кўплаб муҳим масалалар ечилаётгани бунинг ёрқин мисолидир. 
Бу галги ҳоким ва ёшлар учрашувида эса Наманган Давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олиб, таклифларини, инновацион лойиҳаларини илгари сурди. 

Мулоқотда олий ўқув юртларда вилоят ҳокимининг стипендиясини жорий қилиш, маданият ва санъат йўналишларига ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, туризмга оид муаммоларни бартараф қилишга кўмаклашадиган электрон дастурни молиялаштириш, муай-тай спорт тури бўйича республика очиқ турнирини ташкиллаш, ёшлар орасида она тилимизга оид саводхонликни ошириш учун хуснихат курсларини очиш, импорт ўрнини босувчи табиий гигиеник тиш пастасини ишлаб чиқариш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланган талабалар учун инклюссив таълимни хориж тажрибаси асосида йўлга қўйиш, инглиз тили талаффузидаги хатоларни ўнглашга ўргатувчи илова, вилоятдаги йирик тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ва давлат ташкилотлари бўйлаб «Очиқ эшиклар кунлари»ни ўтказиш сингари 20га яқин мурожаат тингланди. 

Мунисхон Муталхонова Наманган Давлат университетининг биотехнология факультети 4-босқичида таҳсил олади. Бўлажак доришунос томонидан илгари сурилаётган каврак ўсимлигидан консерва маҳсулотини тайёрлаш лойиҳаси эътиборга молик. «Қизил китоб»га киритилган мазкур ўсимлик ўзининг шифобахшлиги билан кўпгина касалликларга дармон бўлади. Айни пайтда ҳиндистонлик инвесторлар билан имзоланган келишувга асосан лойиҳани амалиётга татбиқ этиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳани вилоятнинг барча ҳудудларида кенг оммалаштириш бўйича фермер хўжаликларига таклифлар юборилган бўлсада, аммо бу ташаббус фақатгина Косонсой туманидаги фермерлар томонидан қўллаб-қувватланган, холос. Вилоят ҳокими мазкур ўринли таклиф эътиборга олинишини таъкидлади.

– Юртимизда «1+1» лойиҳаси доирасида кўплаб ёшлар тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитилди. Тенгдошларим қатори мен ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш борасида зарур билимларга эга бўлдим, – дейди Наманган муҳандислик-технология институти қишлоқ хўжалиги йўналиши талабаси Гулчеҳра Абдулбоқиева. – Айни пайтда гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш мақсадида ўзим туғилиб ўсган Янгиқўрғонда қорамол ва қўй етиштиришни йўлга қўйиш арафасидаман. Биз каби чорвачиликка қизиққан ёшлар учун 10 кунлик ўқув курсларини ташкил қилиш борасида йўллаган мурожаатим назоратга олингани ва тегишли бошқармаларга аниқ топшириқлар берилганидан хурсанд бўлдим.

– Вилоят раҳбаридан энергия тежовчи қурилмалар ўрнатиш лойиҳамни амалга оширилишига кўмак сўрадим, – дейди Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг саноатни ахборотлаштириш факультети талабаси Шохжаҳон Собиров. – Айни пайтга келиб Давлатобод туманидаги халқаро аэропорт йўлларида жорий этилган мазкур қурилмаларимиз 40 фоиздан 50 фоизгача электр қувватини тежайди. Лойиҳамиз икки-уч ойда ўз самарасини беради.
Учрашувда билдирилган савол ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда, вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси масъуллигида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кенгаши ташкил этилиши маълум қилинди. Мазкур кенгаш ёшларнинг инновацион ишланмаларни татбиқ этиш, «старт-ап» лойиҳаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга яқиндан кўмаклашади.

Ҳоким ва ёшлар учрашуви якунида яқинда республикадаги 159 та олий таълим муассасаси талаба ёшлари иштирокида  футбол мусобақасида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган Наманган Давлат университети жамоаси аъзоларига махсус сертификат, медал ва қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь