ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35113
22 December, 2024, 06:29
Ҳозирда амалиётда иш берувчилар томонидан ходимни таътилдан чақириб олиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда ва бу борада айрим муаммоларга дуч келинмоқда.
Хўш, қонунчиликда ходимни таътилдан чақириб олиниши мумкинми ва бу қандай амалга оширилади?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 147-моддасида “Таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки ушбу Кодекснинг 143-моддаси бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилган ҳолда кейинги иш йилининг таътилига қўшиб қўйилиши керак” деб белгиланган.
Шунга кўра, меҳнат таътилида бўлган ходимни фақат унинг розилиги билан ишга чақириб олиниши мумкин ва таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми, яъни фойдаланилмаган таътил кунлари ходим учун қулай бўлган вақтларда фойдаланиш учун кўчириб қўйилиши мумкин ва кўчирилган таътил кунлари ходимга фойдаланиши учун берилади.
Шунингдек, таътилдан чақириб олиниши учун муайян сабаб ёки зарурият, яъни айнан ушбу ходим бажариши мумкин бўлган ишлар юзасидан юзага келган эҳтиёжлар мавжуд бўлиши лозим.
Таътилда бўлган ходимнинг вазифасини бажариб туриш бошқа ходимга вақтинча муддатга бажариб туришлик учун юклатилган бўлса, бундай вазиятда таътилдаги ходимни чақириб олишга эҳтиёж йўқ деб ҳисобланилиши мумкин.
Ишга чақириб олинган ходимдан таътил учун тўланган ҳақ ишга барвақт чақириб олингани сабабли қайтариб олинмайди ёки компенсацияга айлантирилмайди, ва аксинча, ходимга ишга қайтган вақтидан ҳақиқатда ишлаган иш вақтлари учун иш ҳақи тўланиши лозим.
Шу ўринда барча иш берувчиларга ходимларни таътилдан чақириб олинишида қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилишларини, бунда, энг аввало, ходимнинг розилигисиз таътилдан чақириб олинмаслигини, уларнинг таътил билан боғлиқ бўлган ҳуқуқларини бузиш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳисобланиши ва бунинг учун жазо муқаррарлигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Асқарали ТОЖИБОЕВ,
Наманган шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти