ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35103
22 December, 2024, 01:47
Яқин-яқингача тирбанд кўчаларни, уларда соатлаб қолиб кетишларни фақатгина хориж фильмларида кўрардик. Бугунга келиб эса бу каби салбий ҳолатлар ҳар куни кўз ўнгимизда содир бўлмоқда.
Вилоятимиз марказидан тортиб, шаҳар-туманлардаги асосий йўлларда эрта тонгда ва одамлар ишдан қайтаётганда катта-кичик «пробка»лар юзага келяптики, бу ишга шошаётган ёки қайтаётган одамлардан тортиб, талаба ва ўқувчиларда жиддий хавотир уйғотмоқда. Тўғри, дунёдаги ўз автосаноат корхонасига эга саноқли давлатлардан саналган мамлакатимизда йил сайин транспорт воситалари сони ортиб боряпти. Аммо бу ҳолатни бартараф этишда, соҳага дахлдор идораларнинг ҳамкорликдаги ҳаракати ўз ижобий самарасини бериши аниқ-ку.
Шуни эътиборга олган ҳолда биз газетамизда мавзуга доир туркум мақолалар беришни мақсад қилдик. Ва дастлаб, вилоят ИИБ ЙҲХБнинг масала ечими борасида олиб бораётган ҳамкорликдаги ишларига тўхталсак.
– Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тезкор профилактик тадбирлар натижасида 2023 йилда ЙТҲлар сони аввалги йилнинг мос даврига нисбатан – 65 тага ёки 6,2 фоизга (1046/981), ўлим билан боғлиқлари – 45 тага ёки 23,4 фоизга (192/147), тан жароҳати олишлар - 20 тага ёки 2,3 фоизга (854/834) камайишига эришилди, – дейди вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ ахборот гуруҳи мутахассиси Эркинжон Сатторов. – Шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ЙТҲлар Уйчи туманида 6,3 фоизга (79/84), Тўрақўрғонда эса 1,3 фоизга (79/80) ортиб кетишига йўл қўйилганига, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар Тўрақўрғонда 7,1 фоизга (14/15) ортганига, Уйчи (10/10), Мингбулоқ (8/8), Косонсой (6/6) туманларида ўзгариш бўлмаганига гувоҳ бўламиз. Тан жароҳати билан боғлиқ ҳодисалар эса Уйчида 7,2 фоизга (69/74), Чустда 1,5 фоизга (66/67), Поп туманида эса 0,8 фоизга (128/129) кўпайган. Уларнинг 8,1 фоизи ёки 79 таси халқаро, 38,7 фоизи ёки 380 таси давлат, 26,4 фоизи ёки 259 таси маҳаллий аҳамиятдаги, қолган 33,4 фоизи ёки 328 таси шаҳар кўчалари ва ички хўжалик йўлларида содир этилган.
Пиёдалар иштирокидаги ҳодисаларни шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилинганда, Наманган туманида 8 тага (24/32) ёки 33,3 фоизга, Чортоқда 8 тага (18/26) ёки 44,4 фоизга, Чустда 13 тага (31/44) ёки 41,9 фоизга, Мингбулоқда 5 тага (12/17) ёки 41,7 фоизга, Косонсойда 4 тага (19/23) ёки 21,1 фоизга, Тўрақўрғонда 7 тага (28/35) ёки 25,0 фоизга, Уйчида 6 тага (35/41) ёки 17,1 фоизга, Янгиқўрғонда 2 тага (22/24) ёки 9,1 фоизга ортганини кўрамиз.
Йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқиш сабабларининг асосий салмоғини – 20,7 фоизини – белгиланган тезликни ошириш, 18,3 фоизини – йўналишни ўзгартириш, 13,7 фоизини оралиқ масофани сақламаслик, 11 фоизини эса қарама-қарши йўналишга чиқиш ёки қувиб ўтиш қоидасини бузиш, шунингдек, бошқа қоидабузарликлар оқибатида содир этилган...
– Ҳар бир фожиа ортида инсон тақдири, кўрилган каттагина моддий ва маънавий зарар турганини эътиборга олганда, ҳали қилинадиган ишлар кўп экан-да...
– Худди шундай, содир бўлган ЙТҲлар қачон, ким томонидан ва қайси вазиятда содир бўлганидан тортиб, йўлларнинг аҳволи, фожиани келтириб чиқарган ҳар бир ҳолат мукаммал ўрганилади. Жумладан, фожиа келтириб чиқарган ҳайдовчиларнинг аксариятини (186дан 223 тагача) эндигина рулга ўтирган ва 3-5 йиллик стажга эга бўлганлар ташкил қилган ва ҳодисалар кўпроқ эрталаб ва одамлар ишдан қайтаётганида қайд этилган.
– Демак, ЙТҲлар сонининг ортишида маълум маънода йўллардаги тирбандликлар ҳам сабаб бўляпти...
– Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Эрталабдан шаҳар-туманлардаги марказий йўлларда тирбандликларга дуч келасиз. Айрим ота-оналар ўз автомашинасида фарзандини таълим муассасасига олиб кетаётган бўлишса, бошқалар йўналишдаги таксиларда илм даргоҳларига, ишга шошилаётган бўлишади. Аммо кўпчилик ҳайдовчи ва пиёдаларда йўлларда ҳаракатланиш маданиятининг йўқлиги катта-кичик «пробка»ларни келтириб чиқараётгани ҳам бор гап.
Яна бир гап, эътибор қилган бўлсангиз, тирбандликларда ҳаракатланаётган машиналарнинг аксариятини «Дамас» ёки йўналишдаги бошқа транспорт воситалари ташкил этяпти ва уларнинг кўпчилиги тўлиқ йўловчи олмаган, жуда борса 2-4 нафар, холос. Замон тезлашиб кетдими ёки одамларимизда сабр-тоқат қолмаяптими, автобус кутишни ҳеч ким хоҳламай қолди. Айтмоқчи бўлганим, йўналишларда қатнайдиган автобусларнинг сонини кўпайтириш ва аниқ жадвал ҳамда назорат асосида қатнашини қатъий йўлга қўйиш орқали йўловчиларни автобусларга қайтариш вақти аллақачон келган.
– Айрим хориж давлатларида тирбандликларнинг олдини олиш учун ойнинг тоқ кунлари давлат рақами тоқ рақам билан, жуфт кунлари эса жуфт рақам билан бошланадиган транспорт воситаларига ҳаракатланишга рухсат берилишини ўқигандим. Маълум кунларни эса автомобилсиз кун деб номлаган мамлакатлар қанча...
– Йўқ, ҳозирча бизда бу даражадаги қатъий қарорлар қабул қилинишига анча эрта. Шундай бўлса-да, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан йўллардаги тирбандликларга чек қўйиш мақсадида самарали фаолият олиб бориляпти. Жумладан, ходимларимиз томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулай шарт-шароит яратиш ҳамда уларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида янги йўл белгилари, вилоят ҳудудидан ўтган автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларида светофорлар ўрнатиляпти, янги пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилмоқда.
Жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш, ота-оналарнинг фарзандларига эътиборли бўлиш шартлиги, уларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланадиган жойларда ўйнашларига йўл қўймаслиги лозимлигига бағишланган тадбирлар доимий назоратимизда. Янги ўқув йилининг ўзида вилоят ҳудудидаги кўплаб мактабларда «Йўл ҳаракати қоидалари синф хонаси» ва «Йўл ҳаракати хавфсизлиги майдончалари» ташкил этилди, ҳудудларда ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди, йўл ёқасида жойлашган мактабларга ЙПХ ходимлари бириктирилди, янги ахборот коммуникацион тизимларни жорий этилиши ҳам доимий эътиборимизда.
Шунингдек, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида бошқармамиз томонидан вилоят ҳокимлигига бир қатор таклифлар ҳам киритилди. Унга кўра, Наманган шаҳрининг Қўқон ва Ғалча кўчалари кесишмаси ўрнида айланма ҳаракат жорий этиш, шу каби айланма йўлларни Уйчи, Машраб, Навоий номли кўчалар ҳамда Марғилон ва Навоий номли кўчалар кесишган чорраҳалар ўрнида ҳам ташкил этишни таклиф этдик. Шунингдек, Тўрақўрғон ҳудудидан ўтган 4R-120 автомобиль йўли кесишган чорраҳа ўрнида ҳам айланма ҳаракат йўли бунёд этиш мақсад қилинган. Поп тумани марказида эса автомашиналар учун бир томонлама ҳаракат жорий этиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бу каби таклифлар амалиётга тадбиқ этилса, йўллардаги тирбандлик ва қоидабузарлик ҳолатлари бартараф этилишига эришилади.
Таҳририятдан: газетамиз нашрга тайёрланаётганида Наманган шаҳрининг Сардоба маҳалласи ҳудудида транспорт воситалари ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида автошоҳбекат қуриш таклифи вилоят ҳокими томонидан маъқуллангани ва бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилгани ҳақида хабар олдик. Демак, йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш борасидаги режаларни амалиётга тадбиқ этиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти