Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

23 December, 2024, 08:47

Жамият

ТРАНСПЛАНТОЛОГИЯНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

  • 14.Сентября.2021
  • 673

Президент Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни хирургия хизматини трансформация қилишга оид тақдимот билан танишди.

Юртимизда йилига ўртача 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажарилади. Жаҳон тиббиёти ютуқлари ўрганилиб, зарур шароитлар яратилаётгани натижасида республика марказларида қилинадиган операциялар тури 350 тага, вилоят марказларида 130 тага, туман шифохоналарида 60 тага етди. 32 та шифохонада замонавий эндоваскуляр хирургия бўлимлари ташкил этилган.

Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бу йўналишдаги асосий муассасадир. Ҳудудларда унинг 14 та филиали фаолият юритмоқда.

Тақдимотда ушбу марказнинг тиббий-илмий салоҳияти, ҳудудларда ўтказилган кўриклар натижалари ҳақида маълумот берилди.

  

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили муносабати билан қабул қилинган давлат дастурида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиши белгиланган эди. Шу мақсадда жорий йил 26 июлда давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда ушбу марказлар босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Уларнинг ҳар бири 50 ўринга эга бўлади. Замонавий жиҳозланадиган бу марказлар юқори технологик жарроҳлик амалиётларини туманларнинг ўзида бажариш имконини беради.

Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги шифохона мисолида кўриб чиқилди. У Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Президентимиз қарорига мувофиқ, марказ яқинда 1 миллион долларлик асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ҳозирги пайтда телемедицина мулоқотлари ташкил этилиб, шифокорлар малакаси оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари туманлараро марказларда қилинадиган жарроҳлик амалиётлари турини 79 тага, вилоят даражасида 168 тагача етказиш мумкинлигини таъкидлаб, бунинг учун зарур шароит яратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Бугун энг керакли йўналишлардан бири – органлар трансплантацияси. Кейинги йилларда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилмоқда. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кардиожарроҳлик, трансплантология ва нейро-қон-томир жарроҳлиги бўлимлари учун янги бино қурилмоқда.

Юртимизда 500 нафар бемор жигар, 1 минг 500 нафар киши буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтожлигини билдирмоқда. Жарроҳлик бўлимларининг жиҳозланиши талаб даражасида эмаслиги, малакали мутахассислар етишмаслиги, иммуногенетик текширувлар лабораторияси йўқлиги соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис Республика хирургия илмий-амалий тиббиёт марказини трансплантологияга йўналтириб, иммуногенетик лаборатория ва симуляцион марказ ташкил этиш, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида буйрак трансплантациясини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари илғор технологиялар асосида ташхислаш, операция қилиш ва даволаш бўйича мутахассислар тайёрлаш,чет эллардаги етакчи тиббиёт муассасаларига малака оширишга юбориш зарурлигини таъкидлади.

Молия вазирлигига бу мақсадлар учун зарур маблағ ажратиш, трансплантолог жарроҳларга иш ҳақини табақалаштирилган тарзда тўлаш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь