ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34707
21 November, 2024, 04:00
Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз истиқлолининг ўттиз уч йиллиги шодиёнаси шукуҳи кезиб юрган айни кунларда халқимизга байрам туҳфаларини улашиш давом этмоқда. Наманган шаҳрида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг филиали очилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда вилоят сектор раҳбарлари, соғлиқни сақлаш тизими фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов алоҳида таъкидлаб ўтганидек, бугунги кунда марказдан тортиб энг чекка ва олис қишлоқ ҳудудларигача замонавий тиббий хизмат тизимини шакллантириш, шифохоналар қуриш ва таъмирлаш, уларни илғор технологияли даволаш ва диагнос-тика асбоб-ускуналари билан таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 3 февраль куни вилоятимизга ташрифи чоғида, замонавий травматология ва ортопедия даволаш муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича муҳим топшириқлар берилганди. Мазкур кўрсатмалар асосида собиқ эндокринология диспансери ўрнида халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий травматология маркази бунёд этилди.
Янги шифо масканида иккита 30 ўринли бино мукаммал таъмирланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш, диагностика ва даволаш хизматларига ихтисослашган беш қаватли бино қурилди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 24 миллиард 200 миллион сўм сарфланди. Қолаверса, Австриядан йил якунига қадар олиб келинадиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 10 миллион доллар миқдорида кредит маблағи йўналтирилди. Травматология шифохонасида йилига 40 мингга яқин шикастланганларга амбулатор хизмат кўрсатиш ҳамда 10 минг нафардан зиёд беморларни стационар шароитда даволаш имконияти яратилди.
– Янги травматология ва ортопедия маркази давлатимиз раҳбарининг Наманган элига чинакам байрам совғаси бўлди. Эндиликда фуқаролар бу каби тиббий хизматлардан фойдаланиш учун илгаридек қийин ҳолатдаги диспансерга эмас, катта-ю кичик учун бирдек қулай бўлган манзилгоҳга боришади, – дейди фахрий травматолог-врач Муҳаммаджон Акбаров. – Республика муассасасининг филиали мақомидаги шифохонамизда травматология ва ортопедия йўналишида илмий изланишлар олиб борилади ҳамда даволашнинг сўнгги тажрибалари қўлланилади. Қолаверса, зарур вазиятларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ҳам амалга оширилади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти