ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:53
Илҳомжон Аббасов Косонсой туманида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи билан ажрашгани боис, фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2006 йил 16 февраль кунидаги буйруғи билан вояга етмаган икки фарзанди учун алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати бюронинг туман бўлими иш юритувига олинган бўлиб, қарздорга алиментни вақтида тўлаб бориш бўйича тушунтириш берилган. Бироқ, бунга масъулиятсизлик билан қараган И. Аббасов 37 ойдан бери мунтазам равишда алиментни тўламай келди. Натижада, қарздорлик 21 млн. сўмдан ортиб кетади. Огоҳлантиришлардан тўғри хулоса қилмаган фуқаронинг иши кўриб чиқиш учун маъмурий судга юборилди. Кенг жамоатчилик ўртасида бўлиб ўтган суд мажлисида И. Аббасов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли қисмига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди.
Аброр Хошимхўжаев ҳам алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётганлардан бири. Унга нисбатан ҳам суднинг қарори билан вояга етмаган икки фарзанди учун алимент тўлаши белгиланган. Бироқ у ҳам бурчини унутиб, моддий таъминотдан қасддан бўйин товлаб келади. Қарздорлик 2018 йилдан 2020 йил февраль ойига қадар 15 млн. сўмга етди. Униинг ҳам жавобгарлик масаласи сайёр суд тартибида кўриб чиқилди ҳамда 10 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, сайёр судда З.Раҳимов, Ш.Узақов, А.Абдусаматовлар ҳам узоқ муддатдан бери алимент маблағларини бермай келаётгани ўз исботини топди ва уларга нисбатан суднинг қарори эълон қилинди.
МИБ вилоят бошқармаси матбуот хизмати.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти