ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35120
23 December, 2024, 11:09
2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимиз барча жабҳаларида улкан ютуқларга эришилди. 2022 йилдан янги тараққиёт босқичига дадил ва ишончли қадам қўйилди. Мамлакатимизни янада тараққий эттириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам барпо этишга замин яратадиган муҳим дастур – 2026 йилгача мўлжалланган Тараққиёт стратегияси қабул қилинди.
Суҳбатдошимиз – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ.
– Зафар Раҳимович, том маънода тарихий воқеа бўлган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси қабул қилинишидан кўзда тутилган асосий мақсадлар ҳақида бошласак суҳбатимизни.
– Тараққиёт стратегияси - 2017 йил февралида тасдиқланган ва кейинги беш йил ичида ҳаётга изчил тадбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясининг янги босқичдаги мантиқий давоми ҳисобланади. Мазкур стратегия сўнгги йилларда мамлакатимиздаги тизимли ижобий ўзгаришларнинг асосий ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилган «Ҳаракатлар стратегияси»ни ҳаётга татбиқ этиш натижасида тўпланган улкан тажриба ва самарали хулосалар натижасидир. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ушбу ҳужжат келгуси беш йилда мамлакатимизда «Ҳаракатлар стратегиясидан - Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратишга қаратилган.
Тараққиёт стратегиясини қабул қилишда халқимиз томонидан билдирилган 17,5 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, унга 100 га яқин концептуал ҳамда 200 дан зиёд ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигининг ўзи ҳам бу муҳим ҳужжатнинг халқчил эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишнинг бош ғояси – инсон қадрини таъминлаш саналади. Чунки, Президентимизнинг сайловолди дастуридаги асосий ғоялар ҳам «Инсон қадри учун» тамойили устига қурилган эди.
Белгиланган устувор йўналишлар ва энг муҳим мақсадларнинг атрофлича таҳлили шундан далолат берадики, янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Йиллар давомида амал қилиб келган «давлат - жамият - инсон» тамойили «инсон - жамият - давлат» тамойи-лига ўзгартирилмоқда. Янада содда қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг қадрини юксалтириш ва фаровонлигини ошириш зарурлигига урғу берилмоқда.
– Бу тарихий дастуриламал ҳужжат халқаро ва хорижий экспертларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билан ёндошаётгани аҳамиятга молик. Шундай эмасми?
– Тараққиёт стратегияси нафақат миллий даражада, балки минтақавий ва халқаро (глобал) даражада ҳам улкан аҳамият касб этади. Шу боис ушбу тарихий ҳужжат халқаро ва хорижий экспертларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти.
Айниқса, Марказий Осиё халқлари ўртасида яқин қардошликни қадрлаш, қўшни мамлакатлар билан манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиш бўйича муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган. Иқлим, экология, терроризм, коррупция, миг-рация, камбағаллик каби глобал муаммоларни ҳал этиш борасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ҳақида сўз боради.
Чунончи, Президентимиз илгари сурган хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий секторни рағбатлантириш бўйича янги ташаббуслар мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ва аҳоли фаровонлиги ошишига олиб келиши, мамлакатимизда номарказлаштириш сиёсати олиб борилаётгани, яъни марказий давлат органларининг айрим муҳим ваколатлари маҳаллий ҳокимият идораларига ўтказилаётгани тўғри ва оқилона йўл эканлиги халқаро ва хорижий экспертлар томонидан эътироф этилди.
– Стратегиядаги, айнан Наманган вилоятига дахлдор жиҳатлар хусусида батафсилроқ фикр юритсангиз, биз учун айни муддао бўлармиди?
– Ҳақиқатан ҳам, стратегиянинг барча йўналишларида амалга ошириладиган ишлар бутун республикамиз ҳудудлари қатори Наманганимизга ҳам тегишли. Алоҳида жиҳатларига келсак, биргина 2022 йилнинг ўзида Наманган шаҳри, Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларида «Наманган Текстайл» индустриал зонасини ташкил қилиш бўйича дастурни ишлаб чиқиш, Наманган муҳандислик-технология институти негизида Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш, қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш, IT-парк филиалларини ташкил этиш, Наманган шаҳрида истиқболда «миллионлик шаҳар»ни шакллантириш бўйича чоралар кўриш, Наманган шаҳарининг жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланган.
Агар тараққиёт стратегиясини 2026 йилгача мўлжалланганини ҳисобга олсак, амалга ошириладиган ишлар кўлами жуда кенг эканлигини кўришимиз мумкин.
– Белгиланган устувор етти йўналишдаги вазифаларнинг тўлақонли рўёби таъминланиши билан юртимизда қандай туб ўзгаришларни кўрамиз?
– Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида 2022-2026 йилларга мўлжалланган еттита устувор йўналиш назарда тутилган.
Келгусида қурилиш, туризм ва спорт, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида, қишлоқ ва сув хўжалигида, ҳунармандчилик, пиллачилик ва қоракўлчилик йўналишларида ҳамда инвестиция дастурлари доирасида 6 миллионга яқин янги иш ўринлари яратилади. Таълим сифати янги босқичга олиб чиқилади. Соғлиқни сақлаш тизими ривожлантирилади, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати оширилади, аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш дастури амалга оширилади. Республикамизнинг ҳар бир ҳудуди бўйича экологик вазиятни яхшилаш учун санитар тозалаш ишлари тизимли йўлга қўйилади, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади. Жумладан, аҳоли массивларида «яшил боғлар» ҳамда «яшил жамоат парклари» ташкил этилади. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга устувор аҳамият қаратилади.
Хулоса қилиб айтганда, парламент келгусида ҳам Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашнинг фаол иштирокчиси бўлиб қолади.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат.
Қосимжон АКБАРОВ суҳбатлашди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти