Қисқа сатрларда

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

«Ипак йўлида туризм - 2024»: меморандум имзоланди

Вилоят ҳокими шароитлар билан танишди

04 December, 2024, 09:16

Жамият

ЎША КУН ЯҚИН!

  • 04.Мая.2020
  • 1267

Ўтаётган ҳар бир кун бизни Иккинчи жаҳон урушидаги Буюк Ғалаба кунига, унинг 75 йиллигига яқинлаштирмоқда. Шундай экан бу айёмга тайёрмизми? Ҳеч йўқ ўз хизмат вазифамизга собит ва содиқмизми? Шу саволлар ҳақида ўйлар эканман, бундан бир неча ой муқаддам Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонлашга бағишлаб ўтказилган видеоселектордаги руҳ хаёлимни чулғайди.

 

ПАНИПАТДАГИ БОБУР ҒАЛАБАСИ

Ҳаммамиз ва ҳар биримиз 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонладик. Осмонимиз мусаффо. Сарҳадларимиз ишончли қўлларда. Кейинги йилларда Темурбеклар мактаблари ташкил этилди. Ватанга қасамёд матни янгиланди. Аҳоли, айниқса ёшлар ва ҳарбийлар қалбида ватанпарварлик ҳисси мустаҳкамланмоқда. Бу бежиз эмас. Юртбошимиз ҳақли таъкидлаганларидек, «Армияда ватанпарварлик тарбияси, миллий руҳни юксалтириш ҳамон долзарб бўлиб турибди!».

Биз қайси авлод вакилларимиз? Шоҳ ва шоир Бобур Ҳиндистон учун ўзининг 12 минг аскари билан Панипатда 100 минг қўшинли ғанимни тор-мор этган эди. Шунданми халқ қаҳрамони бўлган халқ шоиримиз Абдулла Орипов «Балки Панипатда Бобур урҳоси!» деб ёзган эди. Бугун жаҳон ҳарбийларининг «Ура» деган олқиши Темур ва Бобурларнинг душманга қарши «Ур!», «Урҳо!», «Ура!» деган жидду жаҳдлари, шиддату шаҳдларидан пайдо бўлгани ҳақиқат!

 

ЭР ЙИГИТГА ЭР ЙИГИТ АЙТА ОЛАДИ!

Халқимизда «Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил» деган хикмат бор. Бу бошқаларнинг, борингки, душманингни ҳам куч ва имкониятини эътибордан чиқармасликни англатади. Аммо селектордаги «Эр йигитга эр йигит айтади!» деган хикмат Сизу бизнинг, ўзини виждони олдида ватанпарвар дея эътироф этадиганлар учун яна бир синов, яна бир имконият бўлди.

Келинглар азизлар, эл-юрт ғамида бир-биримизнинг ғайрату шижоат, матонату мурувватимизни уйғотайлик! Ҳақиқий эр бўлайлик!

 

УЙҒОНАЙЛИК! ЁНАЙЛИК! ЁНДИРАЙЛИК!

«Ватанпарвар» сўзи бир қарашда қизил гапдай, минбарбоп иборадай, туюлади. Аслида бугун Ватан ишқи билан яшашнинг янги даври бошланди. Шунинг учун «Ватанпарвар» ибораси ҳар қачонгидан чуқур маъно касб этмоқда. Видеоселекторда Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб Озодбек Назарбеков куйлаган «Мендирман ўша!» радифли қўшиғи эслатилди. Хурсандчиликдан ва ҳаяжондан бўғзимга бир нидо келди. Ўз даврида сийланмаган, ўлимидан сўнг – фақат мустақиллик йилларида тақдирланган хассос шоир Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб бу мисралар бугун асқотяпти: «Ким юртидан ёвни қувса мендирман ўша!»

Авлодларимиз жасоратининг ҳаққи ҳурмати уйғонайлик, ёниб яшайлик!

 

ТИНЧЛИК... ОМОНАТ БЎЛИБ ҚОЛДИ...

Ер юзининг гоҳ у, гоҳ бу гўшасида ҳанжар ярасидай яллиғланиб турган уруш оловлари ҳамон сўнмаяпти. Бу эса бизни ҳар қачонгидан сергак, огоҳ, ҳушёр ва ватанпарвар бўлишимизни тақозо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ҳақли таъкидладилар: «Тинчлик деган сўз, осойишталик деган тушунча ғоят омонат бўлиб қолди!» Бу чақириқ Ватан ҳимоячилари, эл-юрт қалбида акс-садо бергандай: «Ҳеч нарсага алишмаймиз, сени тинчлик! Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!»

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ ИККИ ЙИЛ АВВАЛГИ ҚАРОРИ

Президентимиз жонкуярлигини кўряпман ва тинглаяпман-у у кишининг 2018 йил 24 июлдаги «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эсимга тушади. Унда Иккинчи жаҳон уруши давомида фашизмга қарши курашда қатнашган ўзбекистонликлар номини абадийлаштириш, ёш авлодни ота-боболари кўрсатган жасоратлар намунасида тарбиялаш бош мезон сифатида таъкидланган эди. Унга илова қилинган «Йўл харитаси»да «Учта шаҳар», «101» ва «Қаҳрамонлар» лойиҳалари амалга оширилиши, жумладан «101» номли бадиий фильмни суратга олиш ҳақида кўрсатма берилганди.

ТАРИХНИНГ ЁЗИЛМАГАН САҲИФАСИДАН...

«Совет шуҳрат майдони» фонди раҳбари Ремко Рейдингнинг 20 йиллик тадқиқотлари натижасида дунё аҳли Голландияда отиб ташланган ва дафн қилинган 101 ўзбек, уларнинг фожиали тақдири ва жасорати ҳақида маълумотларга эга бўлди. 2017-2018 йилларда «Ўзбеккино» миллий агентлиги ва БЕНИЛЮКС (Белгия, Нидерландия, Люксембургни ўз ичига олган Ғарбий Европадаги иқтисодий, сиёсий ва божхона иттифоқи) мамлакатларидаги Ўзбекистон элчихонасининг қўллаб-қувватлаши туфайли ёзувчилар - Анвар Эргашев ва Юлия Медведковская томонидан ўтказилган тадқиқотлар асосида янги ноёб маълумотлар топилди.

Бир юз бир нафар ўзбек Голландиянинг Амерсфорт шаҳридаги концлагерда жаҳаннам азобини тортишади. Кўрсатган қаҳрамонликлари туфайли Гитлернинг ўта мудҳиш режасини барбод этишади. Ўзлари эса фашистларга жаҳон тарихини ўзгартиришга йўл қўймаганликларидан бехабар ҳолда ҳалок бўлишади. Ўзбек аскарлари фашистлар Германиясининг «тарғибот машинаси» қурбони бўлишган. Улар ўта муҳим ҳамда махфий лойиҳа учун атайин саралаб олинган эди. Адольф Гитлернинг шахсан ўзи рейх вазири Геббельс ва рейхфюрер Гиммлер бошчилигидаги идораларга совет армияси аскарларининг ожизлиги ҳақида фильм яратишни буюрган. Картинада аскарлар инсон қадр-қимматидан маҳрум, нотавон ва қолоқ мавжудотлар сифатида жонланиши керак эди. Буларнинг барчаси немис аскарларининг «тушиб бораётган руҳи»ни Москва учун жанг олдидан кўтариши зарур бўлган.

Ушбу фильмнинг яратилиши фюрер томонидан устувор вазифа этиб эълон қилинган. Фильм 1941 йил ноябрь ойида экранларга чиқиши кутилаётган эди. Суратга олиш гуруҳига рейхнинг энг яхши кинематографчилари жалб қилинган. Бир юз бир нафар ўзбек ўғлонлари асир сақланаётган Амерсфорт концлагерида эса фильм учун «материал тайёрланар» эди...

 

ЧИМИЛДИҚНИ КЎРМАГАН ОТАЛАРИМ

Гитлер ўз режасини амалга оширишга нима учун ўзбекларни танлаган эди?.. У ўзбекни «қўйдай ювош, мусичадай беозор»лигини билгандир. Аммо меҳри ҳам, кези келганда қаҳри ҳам чегарага сиғмаслигини инсоний қиёфасини йўқотган фашист қаёқдан билсин?..

Фашистлар бир неча ой мобайнида ўзбекларни оч қолдиришган, уларга ҳатто сув ичишни ҳам тақиқлашган. Аскарларни руҳан ҳамда жисмонан қийноққа солиб, уларни немис аскарларининг руҳини кўтариш учун суратга олинадиган фильмнинг бош қаҳрамонлигига тайёрлашган.

Шундай кунларнинг бирида суратга олиш гуруҳи «Амерсфорт» концлагерига келади. Қўллари боғланган ҳолда сақланаётган 101 нафар ўзбек аскарига бир буханка нон улоқтирилади. Киночиларнинг фикрича, улар бир бурда нон учун бир-бирини уриб ўлдириши, очлик туфайли ғажишиши керак эди. Ана шундай жараённи суратга олишга шай турган немисларнинг хафсаласи пир бўлди. Ўзбеклар Гитлернинг барча режаларини чиппакка чиқаришди. Улоқтирилган нонни ёши бўйича энг кичик аскар бориб олди, уни ўпиб, кўзига суртиб, тавоф қилгач, ёши энг катта аскарга узатди. Ёши катта аскар эса бир буханка нонни 101 бўлакка бўлиб, улашиб чиқди. Ўзбеклар нонни еб бўлгач, юзларига фотиҳа тортишди.

Ватандошларимизнинг миллий маданияти, тартиб-интизоми, ватанпарварлиги, юртга содиқлиги немисларни дарғазаб қилади.

 

СИЗ ҒОЗИЙСИЗ, СИЗ ШАҲИДСИЗ,

МЕНИНГ БИР ЮЗ БИР ОТАМ!

Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси Москва учун жанг қилиш арафасида турган фашист аскарларининг руҳини кўтариш учун қилинаётган эди. Аммо фашист аскарлари мафкуравий ёрдамдан маҳрум бўлди. Улар бу жангни нафақат бой берган, балки бир миллионга яқин аскар ва офицерларини йўқотган. Фашистлар Германияси ғалаба қозонган тақдирда дунё халқларини оммавий қуллик ва халқларнинг йўқ қилиниши кутар эди. Астағфируллоҳ!

1942 йилнинг 9 апрелида «101» отряднинг ўзбек жангчилари концлагер яқинидаги ўрмонзорда отиб ташланган. Отув ҳукми «мутлақо махфий» грифи остида ўтказилган. Унда фақатгина концлагер офицерлари иштирок этган. Ўққа тутилишини билган қаҳрамонлар олий жазо амалга оширилиши белгиланган жойга бошларини баланд кўтарган ҳолда, синмаган руҳ билан Ватан ҳақидаги қўшиқни баралла куйлаб боришган.

Руҳлари сўнмаган оталарим-а... сиз чинакам шаҳидсиз! Дийдор қиёматга қолди, жойларингиз жаннатда бўлсин!

 

ГОЛЛАНДИЯЛИКЛАР – МЕҲРИБОНЛАРИМ,

ГОЛЛАНДИЯЛИКЛАР – ШАРАФИМ-ШОНИМ!

Бундан салкам 79 йил аввал содир бўлган хунрезликка гувоҳ – голландиялик Ҳени Брукҳаузен деган отахон бор. У эсини таниган, олий жазога олиб кетилаётган ўзбекистонликларни кўрган. Уларга сув ёки нон бериш учун узатилган қўллар гитлер офицерлари томонидан аёвсиз калтакланганини эслайди. Гарчи очлик, юпунлик, ноябрнинг изғиринли иқлимида ялангоёқ, аммо бири-бирини суяб, мағрур кетишса-да, 24 нафари силласи қуриб йўл-йўлакай тўкилиб қолишади. Ўрмон ичидаги ўққа тутишда 77 чоғли юртдошимиз бўлган. Голландлар улар ҳам, йўлда тутдай тўкилиб қолганларини ҳам дафн этишди. Ҳозиргача 101 та қабр устига чироқ ёқишади... Инсон хотираси қандай азиз-а?!

Тарихчилар маълумотига кўра, концлагерга ўзбеклар 1941 йил сентябрь ойида келтирилган. Бошқа маҳбусларга қараганда озиқ-овқат, кийим-бош таъминоти мутлақо қониқарсиз бўлган. Уларга маҳбуслардан қолган ювинди бериларди. Картошка, пиёз, сабзи пўчоқлари билан овқатлантиришарди. Аксариятининг оёқ кийими йўқ эди. Оддий яшаш шароити бўлмагандан кейин одам озиб, тўзиб, қариб, касалланиб кетиши турган гап. Шунда концлагер «Мана қаранглар, Сизларнинг иттифоқчиларингиз кимлар?!» дея икки миллат ўртасида ирқчиликни келтириб чиқаришга уринарди. Аммо голландлар ўзбекларга нисбатан ҳамиша эҳтиромда бўлиб келдилар.

Голландияликлар – меҳрибонларим,

голландияликлар – шарафим-шоним!

 

ФИЛЬМНИ КЎРИНГ, ЮРТГА САДОҚАТНИ ЎРГАНИНГ!

Голландларда шундай гап бор: «Ерни Худо яратган, Голландияни эса голландлар!». Ҳа, Сизлар денгиз лабига ўз елкангизда тупроқ ташиб, ўз юртингизни яратгансиз. Бу жиҳатдан ўзбек ва голландлар каби меҳнаткаш ер юзида йўқ!

Нацистлар ўз қора қилмишларини яшириш учун 1945 йилда концлагерга ўт қўйдилар. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Бу ҳақдаги бор ҳақиқат «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан ишланган «101» бадиий фильмида рўйи рост акс этган. Фильм яқин кунларда зукко халқимизга тортиқ этилади. У ҳақиқат ва адолатни тиклаш ишига катта ҳисса қўшган «101» номли роман асосида суратга олинган.

Кинони кўринг! Юрт озодлиги нақадар улуғ эканлиги, бунга осонлик билан эришилмаганлигининг гувоҳи бўлинг!

Раҳимжон ИРИСОВ,

вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь