Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 11:58

Жамият

Устоз эккан ниҳоллар

  • 25.Июля.2022
  • 816

Инсон умрининг мазмуни унинг ёши, неча йил яшагани билан эмас, балки бу умр қанчалик самарадор бўлгани, қандай кечгани, бошқаларга қандай фойда келтиргани, ҳаётда не тахлит из қолдиргани билан сарҳисоб қилинади.

Олимнинг ҳаёти унинг яратган илмий асарлари, илмий-педагогик мактаби, бу мактабнинг мустаҳкамлигидан дарак берувчи шогирдларида ўз аксини топади. Инсоннинг кимлиги эса унинг қандай дўстлар орттиргани, эл-юрт корига қай даражада ярагани, ўз ҳаётий эътиқодларига қанчалик садоқатли бўлгани, одамгарчилиги билан ўлчанади. Бу жиҳатдан фидоий ва жонкуяр олим Рисбой Ҳайдарович Жўраевга ҳавас қилса бўлади. 

Республика илмий жамоатчилиги зукко олим, моҳир ташкилотчи, меҳрибон устоз, ҳамиша янгилик ва яратувчиликка мойил, талабчан ва ташкилотчи раҳбар, гўзал фазилатли инсон – педагогика фанлари доктори, академик Рисбой Жўраевни шонли ва ардоққа арзигулик меҳнат зафарларига тўла мазмунли ҳаёт йўлидан дадил бораётган табаррук инсон сифатида билади. У мард ва танти дўст, ҳақиқий оила бошлиғи, садоқатли ёр, фарзандларига ҳавас қилгудек тарбия берган ота, қатъиятли раҳбар, барчага бирдек меҳрибон инсон, заҳматкаш олим, ўзбек педагогикасининг жонкуяридир.

Р. Жўраевнинг ҳаёт йўли педагогика фанига ҳисса қўшиш иштиёқида бўлган, бу йўлда юксак марраларни кўзлаган, ғайрат камарини боғлаб, илм-фан ва жамият манфаати учун ҳалол ва фидокорона тер тўкишни мақсад қилиб қўйган ҳар қандай ёш олим учун ҳаёт дорилфунуни бўла олади.

Устоз қаерда, қайси раҳбарлик лавозимларида ишламасин, илм излашдан тўхтамаган. Республика ёшлар ташкилотчиси, олийгоҳ ўқитувчиси, давлат ва партия ташкилотларида масъул етакчи, университет ректори, халқ таълими вазири сифатида таълим соҳасини бошқариш билан бирга, илм заҳматларига чидаб, халқона тил билан айтганда, игна билан қудуқ қазиб, академиклик даражасига эришган.

Рисбой Ҳайдаровични кенг жамоатчилик, айниқса, шогирдлари иззат-ҳурмат қилишади. Сабаби, устоз 20 га яқин фан доктори, 30 дан зиёд фан номзодлари диссертацияларига раҳбарлик қилган. У кишининг ёзган 500 дан ортиқ яқин илмий мақолалари, 20 дан зиёд монография, дарслик, услубий қўлланма ва тавсияномалари республика педагогик жамоатчилигининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. 

Илмий соҳадаги фаолияти самараси сифатида 25 ёшида республика сув хўжалиги агромуҳандислиги соҳасидаги долзарб муаммолардан бири – “Мавсумий бошқарилувчи сув омборлари ва насос станциялари каскадининг биргаликда ишлаши”га доир номзодлик, 1995 йилда эса Санкт-Петербургда “Касб таълими ўқув юртларида касбга тайёрлаш тизимини интенсификациялашнинг ташкилий-педагогик асослари” мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақият билан ҳимоя қилди. 1996 йилда эса профессор унвонига эга бўлди.

Устоз узоқ йиллардан бери педагогика фанлари оид турли мутахассисликлар бўйича ҳимоя кенгашларида раис ҳамда аъзо сифатида бўлажак олимларнинг илмий-тадқиқот ишларига бевосита ёрдам кўрсатиб келмоқда. Аксарият илмий тадқиқотларнинг мукаммаллашувида олимнинг кўмаги катта бўлганлиги кўпчиликка маълум.

Р.Жўраев Германия, Қозоғистон, Россия, АҚШ, Корея, Япония каби кўпгина хорижий давлатларда бўлиб, уларнинг таълим тизимини ўрганган ҳамда илмий-педагогик малакасини оширган замон билан ҳамнафас илмий тадқиқотчи олимдир.

Устознинг бевосита илмий раҳбарлигида бажарилган тадқиқот ишлари, педагогика назарияси ва тарихи, касбий таълимнинг долзарб муаммолари, таълим муассасаларини бошқариш соҳаларига оид илмий ишлар Ўзбекистон педагогика фанига муносиб улуш бўлиб қўшилган бўлиб, унинг илмий раҳбарлигида бажарилган номзодлик ва докторлик диссертациялари ўзининг назарий-амалий жиҳатдан долзарблиги, юқори даражадаги илмийлиги туфайли педагогик жамоатчиликнинг юксак баҳосига сазовор бўлди. 

Айни кунларда Р.Жўраев Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтида “Таълим менежменти” бўлими бошлиғи сифатида бир қатор илмий лойиҳаларга раҳбарлик қилиб келмоқда. Унинг лойиҳа доирасида олиб бораётган ишлари кенг қамровли бўлиб, интерактив таълим технологияларини амалиётга татбиқ этишга қаратилган.

Шунингдек, у педагогика фани концепцияси, педагогик энциклопедия, дарслик ва дастурлар тайёрлашга қаратилган илмий-тадқиқот ишларига бевосита раҳбарлик қилиш билан бирга, республиканинг нуфузли илмий-педагогик нашрлари – “Узлуксиз таълим” журнали бош муҳаррири, “Халқ таълими”, “Мактаб ва ҳаёт”, “Касб-ҳунар таълими” журналлари таҳририят аъзоси сифатида ушбу нашрлар сифати ва савиясини оширишга ҳисса қўшмоқда.

Р. Жўраев ўзининг шунча ишларидан ортиб, муҳандислик коммуникациялари соҳасининг етук олими сифатида институтимиз магистрантлари ва илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларидан қимматли вақтини аямай, ижодкорлик ва янгиликка интилиш, қатъият, ташаббускорлик борасидаги керакли маслаҳатларини бериб келмоқда. Шу боис у кишини забардаст ва фидоий олим, атоқли устоз сиймосида кўришимиз мумкин.

Устоз бугун, 25 июль куни таваллуд аёйёмини қарши олмоқда. Шу муносабат билан устозни бутун жамоамиз номимдан муборакбод этамиз. Устозга илм соҳасида олиб бораётган машаққатли меҳнатларига унум ва барака тилаймиз. 

Шарифбой Эргашев, 

Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори

Энг кўп ўқилганлар

Календарь