ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35113
22 December, 2024, 06:27
Шу йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида юртимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шаҳарлар ўртасида поезд ва самолёт қатновларини кўпайтириш бўйича топишириқлар берилганди.
Вилоятимизда ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, ички туризмни ривожлантириш ҳамда аҳолига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида шарқий Осиё давлатларига авиарейслар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Қувайтнинг «Jazeera Airways» миллий авиакомпанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида, октябрь ойидан эътиборан Наманган – Ал-Қувайт – Наманган йўналишида илк парвоз амалга оширилди.
Халқаро парвозлар олдидан анъанага кўра, авиакомпания ҳаво кемаси «Наманган халқаро аэропорти»да сув аркаси ҳосил қилинган ҳолатда тантанали кутиб олинди. Авиакомпаниянинг «А-321» русумли самолёти вилоятимиз ҳаво дарвозасидан Ал-Қувайт шаҳрига 160 нафар йўловчини олиб кетди.
Авиарейс олдидан «Jazeera Airways» компанияси, вилоят ҳокимлиги, туризм ва маданий мерос бошқармаси, «Наманган халқаро аэропорти» мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани уюштирилиб, журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.
Қувайт авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги вакили Илдар Абубакировнинг қайд этишича, Қувайт ва Наманган ўртасидаги қатновлар ҳафтада уч маротаба (сешанба, пайшанба ва шанба кунлари) мунтазам равишда амалга оширилиши режалаштирилган. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, уларнинг сони кўпайтирилиши мумкин.
Мазкур йўналиш вилоятимиз, умуман, водий аҳолисига Форс кўрфази давлатларига саёҳат қилиш учун имконият яратади. Қолаверса, умра сафарини амалга ошириш истагидаги зиёратчилар учун ҳам қулайлик туғдиради. Шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг Қувайтга экспорти ҳажмини ошириш учун имкониятлар яратади.
Маълумот ўрнида, «Jazeera Airways» авиакомпанияси 2004 йилдан буён Покистон, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Непал, Яқин Шарқ ва Европа давлатларига парвозларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур компания томонидан ўтган йили Ал-Қувайт – Тошкент йўналиши бўйича рейс ҳам йўлга қўйилганди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Ойбек НАРЗУЛЛАЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти