ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35096
21 December, 2024, 09:51
Вилоятимиз осмонида чарақлаб нур сочиб турган, ўз касбининг устаси бўлиб, элда довруқ таратган, Наманганимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган “юлдузлар” орасида хотин-қизлар жуда кўпчиликни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илму фан, таълим ва тиббиёт, ҳуқуқ ва тартибот, бошқарув тизимларида, қўйинг-чи, инсон қадами етган, қўли теккан жамики тармоқларда ҳалол меҳнат қилиб, обрў топаётган, иш билан бирга оиласини гуллатиб, етук фарзандларни тарбиялаётган опа-сингилларимиз давлатимизнинг қудрати, жамиятимизнинг фахри ҳисобланади.
Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида 8 март – халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган “Ўзингсан Ватаннинг жамоли, ўзбекнинг фаришта аёли” деб номланган байрам тадбирига ана шу “юлдуз”лардан бир қанчаси таклиф этилиб, меҳмон қилинди. Қўлга киритган ютуқлари эътироф этилиб, совғалар билан сийланди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Окибжон Иномов сўзга чиққан, вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динарахон Якубова, Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев иштирок этган маросимда ўз касбини улуғлаб, катта ютуқларга эришган бир гуруҳ хотин-қизларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғаси топширилди.
Шунингдек, ўн саккиз нафар аёлга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишони тақдим этилди. Санъаткорларнинг дилтортар куй-қўшиқлари барчани рақсга чорлади.
Шу каби тантанали тадбирлар Наманган шаҳрида ва барча туманларда бўлиб ўтмоқда. Уларда аёллар шарафланмоқда, жамият ривожида тутган ўринлари муносиб баҳоланмоқда.
Рислиқхон МАЖНУНОВА.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти