Қисқа сатрларда

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

Хусусий ажримлар низоларнинг олдини олади

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев вилоятдаги сайловга тайёргарлик ишлари билан танишди

05 October, 2024, 05:57

Жамият

Узоқ кутилган воқеа – «Учқўрғон» ва «Кенгсай» чегара божхона постлари иш бошлади

  • 14.Сентября.2024
  • 312

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил март ойида Наманганга ташрифи чоғида фаоллар билан учрашувда «Учқўрғон» автойўл ўтказиш пунктини ишга туширишни жадаллаштириш зарурлиги ҳамда мазкур пост яқинида хитойлик ҳамкорлар билан «Учқўрғон-Кенгсай» логистика марказини барпо этиш режалаштирилганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрами шукуҳи давом этаётган шу кунларда ўзбек ва қирғиз халқлари узоқ кутган воқеа – «Учқўрғон» ва «Кенгсай» чегара божхона постлари фаолият кўрсата бошлади. Мазкур иншоотлар вилоят ҳокимлигининг «Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида қарийб 70 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилди.

Ҳар икки республика мутасаддилари, Наманган ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирокида ўтказув пунктларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанада сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Боқит Тўрабоевлар «Учқўрғон» ва «Кенгсай» чегара масканларининг очилиши энг аввало, икки мамлакат давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, икки томонлама музокараларда эришилган келишувлари, қолаверса, амалдаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик, дўстлик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация самараси бўлганлигини алоҳида таъкидлашди.

Рамзий лента қирқилгач, ўзаро  дўстлик рамзи сифатида дарахт кўчатлари экилди. Ҳар икки томондан дастлабки юк машиналар ўтди. Шундан сўнг давлатлар расмий доиралари ва икки халқ вакиллари ўтказиш пунктларида яратилган шароитлар билан танишдилар.

Қайд этилганидек, мазкур божхона чегара постларининг очилиши нафақат Наманган, балки водий вилоятлари учун ҳам икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта қулайликлар яратади. Шунингдек, ҳудуд иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Логистика, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланади. 

Байрам тадбирида ўзбек ва қирғиз санъат усталари ижросидаги байрам концерт дастури тарихий воқеликдан завққа тўлган одамларни рақсга чорлади.

– Давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатлар билан яқин қардошлик алоқаларини тиклаш борасидаги сиёсий ирода ва ташаббуси халқларимиз ўртасида узилиб қолган дўстлик ришталарини тикланишига катта йўл очди, – дейди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Бунинг натижасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқалар йўлга қўйилди. Хусусан, вилоятимизнинг Поп туманида Тожикистоннинг Ашт, Косонсой туманида эса Қирғиз Республикасининг Олабуқа туманлари ўртасидаги чегара постларимиз очилди. Янги фойдаланишга топширилган «Учқўрғон-Кенгсай» постларининг замон талаблари асосида қайтадан барпо этилгани Учқўрғон ва Ноокен туманлари аҳли, айниқса, вилоятимиз тадбиркорлари учун катта байрам бўлди. Эндиликда биз қўшни давлат билан иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, текстиль, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг нафақат чегарадош, балки хорижий давлатларга экспортини янада тезлаштириш имкониятига эгамиз.

– Мактабимиз чегара ҳудудида жойлашган. Билимгоҳимизда бир қатор миллат-элат вакиллари, шу жумладан, қирғиз миллатига мансуб ўқувчилар ҳам таҳсил олишади, – дейди Учқўрғон туманидаги 37-сонли умумтаълим мактаби директори Муҳаббатхон Турсунова. – Бўстон қишлоғимиз аҳлининг дини бир, тили, тарихи ва маданияти бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган қўшни Қирғизистон билан ўзаро дўстлик, қариндош-уруғчилик, қуда-андачиликлари бор. Ўқувчиларимизнинг қўшни мамлакатга кетиб яшаётган ота-оналари ҳам мавжуд. Чегара постининг очилиши йўлларимизни янада яқинлаштирди, бундан беҳад миннатдормиз.

Дарҳақиқат, ҳар икки дўст элларнинг узоғини яқин, мушкулини осон, соғинч яраларини битишига хизмат қиладиган янги чегара маскани Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаларига кириш-чиқишни 500 километрга қисқартиради. Ушбу маскандан кунига 500 тадан ортиқ юк, 300 дан зиёд енгил транспорт воситалари ҳамда 10 минг нафарга яқин аҳоли ҳаракатланиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Учқўрғон» ва «Кенгсай» назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайтадан йўлга қўйилгани нафақат Наманган ва қўшни давлатнинг Жалолобод вилоятлари аҳолиси фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиши, балки бутун Фарғона водийсида ташқи савдо юклари ҳаракатида янги даврни бошлаб беради. Қолаверса, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда туризм салоҳиятини янада кенгайтиради. Чунки, айнан ушбу пост мамлакатимизга келган туристларнинг Қирғиз Республикаси ҳамда Хитойга ўтиб қайтишлари ва транзит ўтишлари учун энг қисқа, қулай ҳисобланади. Эътиборлиси, «Учқўрғон» чегара пости жуғрофия жиҳатидан бевосита Қирғиз Республикасининг «Ўш-Бишкек» довон авто йўлига яқиндир.

Зеро, атоқли шоира, «Дўстлик» ордени соҳибаси Дилбар Ҳайдарова ёзганидек:

Йўллар очиқ, келинг тоғлар ошамиз,
Икки элда яна тў-ю тантана.
Қўлни беринг эжа, гуллар сочамиз.
«Манас»ни ўқиймиз, ўқиймиз яна.

Султон суягини хорламас асло,
Сулаймон тоғлари бизни кутгайдир.
Қирғизим хуш келдинг, салом, марҳабо!
Соғинч яралари энди битгайдир!

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь