Қисқа сатрларда

Ҳумоюн Ҳиндистонда чемпион бўлди!

Бир гуруҳ фидойилар «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони билан тақдирланди

Фаол тадбиркорнинг салмоқли ютуқлари

«Навбаҳор» – ўн бир карра бронза медали соҳиби!

Наманган жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди

04 December, 2024, 03:24

Жамият

Янги таҳрирдаги Конституция Наманганда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни янги босқичга олиб чиқди

  • 30.Ноября.2024
  • 18

Шавкат АБДУРАЗЗОҚОВ,
Наманган вилояти ҳокими, 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

–Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон-2030» стратегияси тўғрисида»ги Фармони билан белгиланган йўналишларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.  Таъкидлаш жоизки, 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги бу эзгу мақсадларнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. 

Муҳтарам Президентимиз шу йил 18, 19 ҳамда 20 ноябрь кунлари Парламент мажлисларида сўзлаган нутқларида таъкидлаганларидек, жорий йилнинг 27 октябрь куни мамлакатимизда Парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайлов янгиланган Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди.

Янги Ўзбекистон бунёдкорлиги борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлмоқда. 

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида катта эътибор қаратилаётгани барча соҳаларда эришилаётган натижаларда ўз ифодасини топаяпти.

Янги таҳрирда қабул қилинган Бош Қомусимизнинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг мақоми суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида қатъий, яъни ўзгартирилмайдиган модда билан белгилаб қўйилди. Айтиш мумкинки, мазкур модда Конституциямизнинг бутун бир мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этиб, Бош Қонунимизнинг бошқа барча моддаларининг ҳаётга татбиқ этилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.  

Конституциянинг 1-моддасидаги «Ўзбекистон – суверен демократик республика» жумласи янги таҳрирдаги Конституциямизда «Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат», деб ўзгартирилгани, яъни мазмун-моҳиятан бойитилгани Бош Қонунимизни янада халқчилроқ бўлишини таъминлади. «Ижтимоий», деган тушунчада эса халқимизнинг азалий инсонпарварлик тамойиллари, муқаддас динимиз таълимотидан келиб чиқадиган адолат, тенглик, меҳр-мурувват фазилатлари мужассам топган бўлиб, бу миллий қонунчилигимизни бошқа дунёвий Конституциялардан ўзига хос фарқи ифодасини топган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадри устувор тамойил этиб белгиланган Конс-титуциямизнинг барча бўлим ва боблари, моддалари замирига шу азиз Ватанимизда миллати, дини ва бошқа ўзига хос жиҳатларидан қатъи назар, давлатимиз фуқароларини ташкил қилган халқимизнинг ИНСОН деган номга муносиб яшашини таъминлашга қаратилган эзгу-ғоялар сингдирилган. 

Жумладан, Конституциямизнинг 41-моддасида ҳар бир шахснинг мулкдор бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.  Мулоҳаза қилиб кўрилганда яқин тарихда катта бир салтанатнинг таназзулида хусусий мулкчиликнинг тақиқлангани ҳам асосий омиллардан бири бўлганлигини тушуниб олиш қийин эмас. Ўша даврларда мулк ҳамманики, мулк ҳеч кимники эмас эди, охир-оқибат нима бўлди?! 

Бугун миллий истиқлолимизнинг дастлабки кунидан мулкнинг ўз эгаларига қайтариб бериш орқали эришилган ютуқларимизнинг дебочасида турибмиз. Бош қомусимизда қарор топтирилган мулкдорлик ҳуқуқи хали жамиятимизни янада юқори поғоналарга кўтарилишига хизмат қилади.

Ёки 42-моддада ўз ифодасини топган қулай меҳнат қилиш шароитларини яратиш, 43-модда билан белгиланган ишсизликдан ҳимоя қилиш, 47-моддада кафолатланган уй-жойли бўлиш, 48-модда ўз ичига олган малакали тиббий хизмат, 50-модда билан тақдим этилган таълим олиш ҳуқуқлари, 67-модда назарда тутган қулай ишбилармонлик муҳити каби ҳуқуқий кафолатлар бозор иқтисодиёти механизмларига асосланган демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлатнинг халқчил сиёсатини белгилайди.

Конституциямизнинг юқоридаги ва бошқа кўплаб моддалари билан белгиланган кафолатлар вилоятимизда ҳам иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда намоён бўлмоқда.  

Ҳурматли Президентимиз томонидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида сўнгги беш йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробарга ошди (2020 йилда 32,7 трлн. сўм, 2024 йилга келиб 67  трлн. сўм). Аҳоли жон бошига кўрсаткич 11,5 млн. сўмдан 21,5 млн. сўмга етказилди.

Тадбиркорлик субъектлари сони 18 мингтадан 37 мингтага, бунда йирик субъектлар 65 тадан 139 тага кўпайди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 35 трлн. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.

Бугунги кунда олдимизга қуйилган энг муҳим масала – бу аҳоли даромадини ошириш орқали камбағалликни, ишсизликни ва миграцияни қисқартиришдир. 2022 йилда вилоятимизда 104,5 минг нафар камбағал оила мавжуд бўлиб, камбағаллик даражаси 15,7 фоизни ташкил этган эди. Маҳаллага тушиб, ҳар бир оилалар билан алоҳида индивидуал ишлаб, уларнинг даромадларини ошириш орқали камбағал оилалар сонини 48,5 минг нафарга ёки камбағаллик даражасини 7,8 фоизга туширилди. Ҳозирги кунга келиб, вилоят аҳолиси сони 3 млн. 115 минг нафарни, шундан 1 млн. 243 минг нафари иш билан банд аҳолини ташкил этмоқда.

Сўнгги беш йилда 175 минг нафар (ҳар йили ўртача 35 минг нафардан) меҳнатга лаёқатли ёшлар илк бора меҳнат бозорига кириб келди. Ишсизликни қисқартириш мақсадида сўнгги беш йилда 920 минг нафар доимий иш ўринлари яратилди. Амалга оширилган ишлар ҳисобига ишсизлик даражасини 2020 йилдаги 10,6 фоиздан 2024 йил якуни билан 5,2 фоизга, ишсизлар сонини 110 минг нафардан 51,2 минг нафарга тушириш кутилмоқда.

Вилоятимизнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. 2020 йил жами 364,9 млн. доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, 2024 йил 9 ойи якуни билан 1,6 млрд. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. 2024 йил якуни билан қўшимча захираларни ишга солган ҳолда 3 млрд. доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Мисол учун, Чуст туманида «Siberian Wellnes Namangan» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан қиймати 50 млн. долларлик «Пектин маҳсулотини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Россиянинг «Siberian Wellness» компанияси томонидан 25,8 млн. доллар, «Chust Aynur Ip» хорижий корхонаси  томонидан қиймати 30 млн. долларлик «Акрил хом-ашёсидан ип-калава ишлаб чиқаришни» ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига Туркиянинг 12 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари жалб этилди.

Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт йўналишида ҳам ўсиш кўрсаткичилари таъминланишига омил бўлмоқда. Жумладан, вилоятимиз экспорти ҳажми 2020 йилда 380,5 млн. долларни ташкил этган. Амалга оширилган ишлар ҳисобига 2024 йилнинг 10 ойида 682 млн. долларни ташкил этмоқда (2020 йилга нисбатан ўсиш 1,7 баробарга ортди). Йил якуни билан экспорт ҳажмини 1,0 млрд.долларга етказилади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган кичик саноат зоналари «Наманган тажрибаси» сифатида ўзини оқламоқда. 2020 йилда бўш ва фойдаланилмай келинаётган 166 гектар ер майдонларида 13 та саноат зонаси ташкил қилиниб, ушбу саноат зоналарига 3,7 трлн. сўм қийматдаги 280 та тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган. 2020-2024 йиллар давомида бўш турган 656 гектар ер майдонларида 59 та қўшимча саноат зонаси ташкил этилиб, улар сонини 72 тага етказилди.  Ушбу саноат зоналарига ҳозирда 8,8 трлн. сўм қийматдаги 1 285 та тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган ва 979 та лойиҳа тўла қувватда ишга туширилди ва бунинг натижасида 50 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. 

Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод», «Даштбоғ», Косонсой туманидаги «Кушон», «Намуна», Уйчи туманидаги «Қумтепа», «Ёркатай», «Овчибулоқ», Чортоқ туманидаги «Бешкапа» кичик саноат зоналари шу жумладандир. 

Аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, 2020-2024 йилларда барча мақсадли давлат дастурлари доирасида ҳудудларда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 7 160 та объектда қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишларига 8 трлн. 632 млрд.сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан,  997,4 км. умумфойдаланувдаги йўллар асфальтланди ҳамда 37 та кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилди. Вилоят бўйича 4 трлн. сўм маблағ эвазига 5035 км. ички йўллар асфальтланиши натижасида 71 фоиз ички йўлларнинг ҳолати яхшиланиб, 1 680 мингдан зиёд аҳолига қулайликлар яратилди.

Поп туманида Чодак, Мингбулоқда Қозоқовул, Қорашаҳар, Ингичка, Косонсойда Узунқишлоқ, Норинда Сойбўйи, Норинкапа, Тўрақўрғонда Хўжанд, Бураматут, Уйчида Жийдакапа, Бўстон маҳаллалари тўлиқ асфальтланди.

4 287,4 км. узунликдаги сув тармоғи ҳамда 247 та сув иншооти қурилиши ва реконструкция қилиниши натижасида аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 66,5 фоиздан 84,9 фоизга етказилди.

Мисол учун, ОПЕК жамғармаси иштирокидаги «Наманган вилоятининг Заркент, Ҳадикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳаси бўйича 54 млн. доллар жалб этиш ҳисобига вилоятда 6 та сув тақсимлаш иншооти, 12 та умумий қуввати 43 200 м3/сутка бўлган сув қудуғи ҳамда 475 км. сув тармоғи қурилиб, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Уй-жой таъминоти соҳасида 2020 йилдан бугунги кунга қадар 14 721 та хонадондан иборат 404 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Шунингдек, жорий йилда дастур доирасида вилоят бўйича 7200 хонадонли 152 та кўп қаватли уй-жойнинг барчасида умумий қурилиш ишлари 88 фоизни ташкил этиб, йил якунига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида ҳам ижобий натижаларга эришдик. 2020-2024 йилларда вилоятда жами 103 та мактабгача таълим муассасаси таъмирланди, 33 та янги қурилди ҳамда 2514 та янги нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди. Бугунги кунда  вилоят бўйича 3 807 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларга вилоятдаги 3-7 ёшли 269 712 нафар боладан 210 695 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган. Ёки мактабгача таълим қамрови 2020 йилдаги 62,9 фоиздан 78,1 фоизга етказилиши таъминланди.

2020-2024 йиллар мобайнида жами 182 та мактаб таъмирланди, 21 та янги мактаб қурилди ҳамда 36 та хусусий мактаблар ташкил этилди. Битирувчи синф ўқувчиларини олий таълим муассасаларига жалб қилиш кўрсаткичи 2020 йилда 9,2 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 50,1 фоизга етказилди.

Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган 14 та кўп тармоқли марказий поликлиникадан 13 таси, 80 та оилавий поликлиникадан 61 таси, 100 та оилавий шифокорлик пунктидан 75 таси, 36 та вилоят даражасидаги шифохоналардан 30 таси таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. 27 та оилавий шифокорлик пункти ва 10 та оилавий поликлиника янгидан ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, қисман айтиб ўтилган юқоридаги ишларнинг самараси замирида мамлакатимиз Бош қомуси билан кафолатганган ҳуқуқий асосларнинг амалдаги ифодасидир.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурларида фуқароларимизни орзу-интилишлари, дарду ташвишлари, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, партияларнинг сайловолди дастурларида илгари сурган ғоялари ва ташаббуслари «Янги Ўзбекистон»нинг истиқболга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий Дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда муҳим рол ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, вилоя-тимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Дастури ишлаб чиқилди. Бунда «Ўзбекистон - 2030» стратегиясида ҳамда давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларида белгиланган устувор вазифалар, вилоятимизнинг мавжуд салоҳияти ҳамда ички имконият ва захираларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, маррани баланд олганмиз.  
Дастурга асосан, иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича мавжуд захира ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда вилоят иқтисодиёти 2029 йилга бориб, 2024 йилга (67,1 трлн. сўм) нисбатан 2 баробарга (129,5 трлн. сўм) оширилади. Бунда, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 21,5 млн. сўмдан 37,8 млн. сўмга етказилади.

Бугунги кунда вилоятдаги 788 та маҳалланинг 77 таси саноат, 102 таси савдо ва хизмат кўрсатиш, 35 таси ҳунармандчилик, 298 таси деҳқончилик, 151 таси чорвачилик, 50 таси иссиқхона ва 75 таси бошқа соҳаларда драйвер йўналишларига ихтисослашган ҳолда яратувчанлик ишлари билан банд. Келгуси йилларда маҳаллаларнинг асосий ва қўшимча драйвер йўналишларини ривожлантиришга эътибор қаратилади. Бунда, 76,8 минг хонадон маҳалланинг амалдаги асосий йўналиши бўйича, 38,3 минг хонадон янги самарадорлиги юқори бўлган йўналишлари бўйича ихтисослаштирилади. 

Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш борасида тижорат банклари томонидан 2025-2029 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида 2,9 трлн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади. 3,8 трлн. сўмлик 113120 та микролойиҳа молиялаштирилиши натижасида 271 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади. Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш, йирик савдо-саноат хабларини ташкил этиш, йўл бўйида хизматларни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган режалар амалга оширилади. Мавжуд имкониятлар ва катта захираларни ишга солиш орқали хизмат кўрсатиш ҳажми беш йил ичида 2,6 баробарга ошиб, (2024 йилда 22,8 трлн. сўм) 59,1 трлн. сўмга етади. Аҳоли жон бошига хизмат кўрсатиш ҳажмини 20 млн. сўмга ёки икки баробарга етказиш таъминланади. Хизмат кўрсатиш соҳасида 8 554 та савдо ва сервис объекти ташкил этилиб, 93,8 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида Ангрен-Тўрақўрғон йўналишида 100 км. масофада йўлбўйи инфратузилмасини тартибли ташкил қилиш бўйича берилган топшириқларга мувофиқ «мастер-режа» ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, 1-босқичда қиймати 186,0 млн. долларлик сервис ҳамда маиший хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилади. Шу билан бирга, шаҳар ва туманларда жами 48 та туну-кун фаолият юритувчи махсус хизмат кўрсатиш кўчалари ташкил этиш орқали 5 мингта савдо ва сервис объектлари фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, вилоятда 10 та йирик хизмат кўрсатиш объекти, 2 та (Давлатобод ва Янгиқўрғон туманлари) бозор ҳамда Тўрақўрғон туманида 1 та йирик логистика маркази ташкил этилиб, унда  минг нафардан киши иш билан таъминланади. 

Мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали вилоятда ишсизлик даражасини 5,2 фоиздан 3,7 фоизга қисқартириш, яъни, келгуси беш йилликда 970 минг нафар аҳоли бандлигига эришилади. Ишсиз оилаларга 110 млрд. сўм субсидия маблағлари ва 1,7 трлн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали тадбиркорликка жалб этиб, 48,5 минг оила камбағал оила билан индивидуал ишлаб, даромадларини ошириш орқали камбағаллик даражасини 7,8 фоиздан 3,8 фоизга камайтирилади.

Иқтисодиётни юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланган масала – вилоятимизнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида 14,7 млрд. долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш чоралари кўрилади. Жумладан, Тўрақўрғон тумани Ибрат массивидаги «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилди. Бу ерда умумий қиймати 1 млрд. долларлик 22 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 14 мингта иш ўрни очилади. Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда «Учқўрғон-Кенсай» божхона пости ёнида умумий қиймати 150 млн. доллар бўлган йирик «Эркин савдо зонаси» ташкил этилади.

Саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш мақсадида, қиймати 1,3 млрд. доллар бўлган 4 та йирик стратегик аҳамиятга эга лойиҳа, шу жумладан Поп туманида умумий қиймати 850 млн. долларлик қуввати 1 000 Мегаватт бўлган 2 та йирик қуёш фото электр станцияси ишга туширилади. 

«Наманган тажрибаси» сифатида кичик саноат зоналарини ташкил этиш ишларини давом эттириб, 23 та кичик саноат зонасидаги 333 та лойиҳа тўла қувватда ишга туширилиб, уларда 17,1 минг янги иш ўрни барпо этилади. Вилоят бўйича 9 та янги кичик саноат зонаси аввалгилари сафига қўшилиб, уларнинг сонини 81 тага етказилади. Масалан, Чортоқ туманидаги Ўрикзор маҳалласи ҳудудидан ажратилган 106 гектар майдонда тўқимачиликка ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилади ва у ерда ишга туширилажак 1,1 млрд. долларлик 83 та лойиҳа 18,3 минг янги иш ўрни демакдир.  Шунингдек, 2025-2029 йилларда қиймати 68,3 трлн. сўмлик 6 831 та ҳудудий инвестиция лойиҳаси яна 165,8 минг нафар кишининг бандлигини таъминлаш имкониятини беради. 
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва маҳалла инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишларни изчил давом эттирган ҳолда йўл соҳасида 1 294,6 км. умумфойдаланувдаги йўллар ва 3360,7 км. ички йўллар асфальтланади ҳамда 58 та кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилади. Жумладан, қиймати 185 млрд. сўмлик лойиҳа асосида Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини марказлари билан боғловчи янги йўл ҳамда Норин дарёси устида янги кўприк қурилади. Андижон ва Наманган вилоятларини Тошкент шаҳри билан боғловчи давлат аҳамиятига эга Пунгон-Наманган автомобиль йўли (0-75 км.) қайта қурилишига 264,5 млн. доллар маблағ йўналтирилади.

Ичимлик суви таъминоти соҳасида   509 км. узунликдаги сув тармоқлари  ҳамда 40 та сув иншоотлари қурилади ва реконструкция қилинади. Натижада, аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 84,9 фоиздан 90,0 фоизга етказилади. Бу борадаги ишлар орасида  «Наманган шаҳри канализация тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида Наманган шаҳри оқава сувлар тозалаш иншооти ўрнида умумий қиймати 96 млн. долларлик янги оқава тозалаш иншооти ва 7,5 км. ташлама коллекторини давлат хусусий шериклик асосида қуриш лойиҳасининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Электр соҳасида 4 931 км. узунликдаги электр тармоқларини ва 1 337 та трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинади.

Айни пайтда ҳурматли Президентимиз томонларидан ташриф давомида Уйчи туманида старт берилган «Норин ГЭСлар каскади» қурилиши жадал олиб борилмоқда. Мазкур ГЭСлар каскади орқали 228 Мега ваттли 6 та станция йилига 1 млрд. киловатт электр чиқариш имкониятига эришилади. 

Иссиқлик таъминоти соҳасида Давлатобод туманидаги кўп қаватли уйларни марказлашган иссиқлик тизимига улаш бўйича иккинчи босқичда РК-2 қозонхонасини ишга тушириш ҳисобига 198 та кўп қаватли уйдаги 8 724 хонадон иссиқлик тизимига уланади.

Уй-жой таъминоти соҳасида 22 070 хонадонли 877 та кўп қаватли уй-жой қурилади. Ренновация лойиҳаси доирасида аҳоли зич бўлган ҳудудларда «бўйига ўстириш» тамойили асосида 1 152 хонадонли 16 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Наманган шаҳри аҳолиси сони жиҳатидан «Бир миллионлик шаҳар» мақомини олганидан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг топшириқларга асосан «Янги Наманган» шаҳарчаси бунёд этилмоқда. Шаҳарча ҳудудида 721 та турар-жой объектида жами 50 мингдан ортиқ хонадонлар, 28 та мактаб, 24 та болалар боғчаси, 5 та шифохона, шунингдек, олий таълим муассасаси, бизнес-марказлари, кинотеатр, маданият маркази, меҳмонхона, IT парк, санъат галереяси каби объектларни барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳарча ҳудудида 93,0 млрд. сўм маблағ ҳисобига 58,0 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон боғи» ҳам фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Давлатобод, Чуст ва Поп туманларида ташкил этилаётган «Янги Ўзбекистон» массивларида 5 960 та хонадонли 233 та кўп қаватли уй барпо этилади.

Конституциямизда «ижтимоий давлат» деган тушунчага бежиз урғу берилмаган, зеро, ижтимоий соҳани ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир.  Шу нуқтаи назардан мактабгача ва мактаб таълими тизими бўйича келгуси беш йилда вилоятдаги 85 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади ва 21 та янги қурилади. 1 020 та оилавий боғча, 20 та давлат-хусусий шерикчилик боғчаси ташкил этилиб, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 85 фоизга етказилади. 386 та мактаб таъмирланади, 14 та янги мактаб қурилади ва янги 21 та хусусий мактаб очилади. Соғлиқни сақлаш тизимида 67 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда эришилаётган муваффақиятларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан янги сайланган парламентнинг биринчи йиғилишида, республика ҳукумати раҳбарини тайинлашга бағишланган йиғилишларда олдимизга олий мақсад ва катта-катта марраларни қўйган ҳолда бирдамликда ҳаракат қилишимиз давр талаби эканлиги алоҳида таъкидланди. Ҳар қандай муваффақиятга эришиш учун энг аввало ҳар биримиздан Ватанга юксак садоқатли, ҳар бир ишда шижоаткор ва ташаббускор бўлиш талаб этилади.

Албатта, Наманган вилоятини ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболли дастурида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни биргаликда тўла-тўкис амалга оширишимизга ишончимиз комил ва бунда биз Бош қомусимиз берган ҳуқуқий кафолатларга суянамиз!

Энг кўп ўқилганлар

Календарь