ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35114
22 December, 2024, 10:10
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилиши натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси» тасдиқланиши ҳам мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.
Мазкур ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг «Йўл харитаси», қолаверса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ҳамда шартномавий қўмиталари хабарномаларини ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг «Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Кўрсатиб ўтиш жоизки, конституциявий-ҳуқуқий кафолатлар мазмунан қуйидагиларни ўз ичига олади:
– фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш ҳамда чегаралашнинг юридик меъёрларини мустаҳкамлаш;
– фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширишларида давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг масъуллиги;
– тажовуз этишдан ҳимояланишни таъминловчи махсус меъёрлар (шикоят, судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари) мавжудлиги;
– ҳуқуқларни бузганлик учун юридик жавобгарликнинг белгиланганлиги;
– давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқларини амалга оширишни мустаҳкамлашда жамоат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фаолияти.
Конституциявий кафолатларга бевосита мамлакат Конституциясининг ўзида мустаҳкамланган кафолатлар киради. Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ичида фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойили алоҳида ўрин тутади.
Конституциямизнинг 18-моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар». Бундан ташқари, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган ғоялари ва қадриятларига, шунингдек, халқаро мажбуриятларга содиқлик, амалга оширилаётган барча сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг босқичма-босқич характерда эканлиги; демократия ва ижтимоий адолат ғояларига садоқатимизни намоён этиш орқали, халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш; халқ вакиллиги институтларини ривожлантириш; демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти шаклланишига асосланганлик; инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш йўлида ҳамма нарса инсон учун, инсон бахт-саодати учун яратилганлиги каби ва бошқа бир қатор демократик тамойиллар асосида амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда «Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз» деган улуғвор мақсад шаклланди ва «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга фаол кириб бормоқда.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, шунингдек, Бош Вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари алоҳида ўрин эгалламоқда. Суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнида тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, «Хабеас корпус» институтини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.
Сурайё ДЕҲҚОНОВА,
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ўқитувчиси,
Озодбек КАМОЛИДДИНОВ,
талаба.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти