ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35113
22 December, 2024, 07:58
Шавкатжон АБДУРАЗЗОҚОВ,
Наманган вилояти ҳокими
Эл-юртни эъзозлаш, аввало, шу заминдаги тинчлик ва хотиржамликда, мунтазам олиб борилаётган бунёдкорлик жараёнида, эришилган ютуқларда ва халқнинг розилиги янграётган самимий сўзларда акс этади. Бундай яратувчанлик жараёни бугун юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида ҳам рўй бераётгани қалбимизга мамнуният бахш этиши шубҳасиз.
Бу борада сўз юритиш, айниқса, шундай шукуҳли кунларда янада фахрли ва қувончлидир. Наманган аҳлининг ҳамжиҳатлик билан амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари туфайли вилоятимиз тобора кўркам ва замонавий қиёфа касб этмоқда. Ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилгани барча соҳалар ва йўналишлар бўйича эришилган натижаларда янада яққол намоён бўлаётир. Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида фаолиятимизни таҳлилий сарҳисоб қилиш, келгуси режалар ҳақида халқимизни хабардор этиш ўзига хос эзгу анъанага айланган.
2022 йил чинакам тараққиёт даври сифатида тарихга муҳрланмоқда. Жумладан, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчилари лавозимларининг жорий этилиши, маҳалла раислари сайлови уюшқоқликда ўтказилгани жамиятда, халқимиз ҳаётида туб ўзгаришларга омил бўлаётгани сир эмас. Мамлакатимизда «маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилиши тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш сингари масалалар ечимига хизмат қилмоқда.
Ҳоким ёрдамчилари ўтган қисқа даврда вилоятимизнинг 788 маҳалласидаги 524,5 мингта хонадонни уйма-уй юриб хатловдан ўтказди. Ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, унинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда бартараф этиш мақсадида маҳаллаларда ёшлар етакчилари лавозими ҳам жорий этилди. Вилоят бўйича «Ёшлар дафтари»га киритилган 13 минг 300 йигит-қиздан 11 минг 167 нафарининг мурожаати (84 фоиз) ижобий қаноатлантирилди.
Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари шу йилнинг август ойи якунига кўра, «Аёллар дафтари»даги 53 минг 571 хотин-қиздан 48 минг 846 нафарининг (91 фоиз) муаммоларини ижобий ҳал этди ва уни якунлаш чора-тадбирларини олиб бормоқда.
Бугун вилоят марказидан тортиб, барча туманларда, энг олис қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам кенг кўламли бунёдкорликларга гувоҳ бўласиз. Бу ҳақида сўз юритганда, факт ва рақамларга мурожаат қилиш энг маъқул йўл.
Хусусан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида жорий йилда 317 миллиард сўмлик иш бажарилди. Жумладан, вилоят марказидан узоқда жойлашган 22 та қишлоқ ва 6 та маҳалла қиёфаси тубдан ўзгарди. Аҳоли турмуш даражасини кўтариш учун кўплаб замонавий қулайликлар яратилди. Айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларнинг имкон қадар кенг инфратузилмага эга бўлишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Наманган тажрибаси сифатида вилоятимиздаги 788 маҳалланинг ҳар бири босқичма-босқич янгича меъморий ечимга эга бўлиб бормоқда. Жорий йилда аҳолига етарли шароит яратиш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетидан 26,1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 230 километр ичимлик сув тармоғи янгидан тортилди ҳамда 17 та тегишли иншоот мукаммал таъмирланиши туфайли аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
Равон йўлда ғам бўлмайди, дейди доно халқимиз. Манзилларни манзилларга туташтирувчи йўлсозлик соҳасида ҳам залворли натижаларга эришилди. Ўтган ойлар давомида 519,9 километр автомобиль йўлларида 191 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Навбатдаги йилда Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини марказ билан боғловчи 17,5 километр масофада янги йўналишда йўл ҳамда Норин дарёси устига янги кўприк қурилади.
Ҳозирда йирик лойиҳалардан бири «Янги Наманган шаҳарчаси» қурилишига киришилган. Айни мақсад рўёби учун аҳоли уйларини бузиш фикридан воз кечилгани ҳамда шаҳар ташқарисидан муносиб жой ажратилгани барчага бирдек маъқул келмоқда. Давлатобод ва Тўрақўрғон туманлари чегарасида жойлашган, тенг ярми яшил ҳудуд бўлиши кўзда тутилган 1203 гектар майдонда 750 дан ортиқ 9-16 қаватли турар жой мажмуаси, 100 дан ортиқ савдо маркази, шунингдек, мактаб, олий таълим муассасалари, меҳмонхона, шифохона, кинотеатр ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда 200 мингдан зиёд аҳоли учун барча инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларига эга бўлган шаҳарча барпо этиш режалаштирилган. Шаҳарчанинг кириш қисмидаги 68 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи бунёд этилади. Бу боғ нафақат янги шаҳарчамизга, балки вилоятимиз маркази бўлмиш Наманган шаҳрига кириб келаётган меҳмонларда ҳам илиқ таассурот уйғотишига ишонамиз.
Бир вақтлар Наманган мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва енгил саноати ривожланган ҳудуд сифатида танилган эди. Кейинги йилларда янгича ёндашувлар туфайли вилоятда қизғин бунёдкорлик ишлари авжида, саноат ҳам жадал ривожланмоқда. Саноат ишлаб чиқариши ҳажмининг ялпи ички маҳсулотдаги ўрни 2017 йилдаги 21,5 фоиздан 23,8 фоизга ошгани ҳам фикримиз тасдиғидир.
Президентимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарор ва фармонлари бу борада янада кенг имкониятлар берди. Бугун Наманганда 30 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Шу йилнинг ўзида 7 минг 700 та янги корхона иш бошлади ва 23 мингга яқин иш ўрни пайдо бўлди. Яқинда бир гуруҳ наманганлик тадбиркорларнинг «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланиши ҳам вилоятимизда ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватлаш ва уни ривожлантиришга катта рағбат бўлди.
Наманган тажрибаси сифатида шаҳар ва туманларнинг ҳар бир секторида янги кичик саноат зонаси ташкил этилиб, улар сони 73 тага етказилади. Шу орқали янги иш ўринлари яратишда кенг имконият юзага келади. Чунончи, кичик саноат зоналарида жами 65,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, 1 минг 165 та ҳудудий инвестиция лойиҳасида 34 минг 816 та янги иш ўрни яратишни белгилаб олган эдик. Мустақиллик байрамига қадар умумий қиймати 2,6 триллион сўм қийматидаги лойиҳалар ишга туширилди ҳамда 22 мингга яқин янги иш ўрни пайдо бўлди. Шунингдек, 103 та инвестиция лойиҳаси тасдиқланиши ва 61 та ижтимоий соҳа объекти очилиши халқимиз учун ажойиб туҳфа бўлди.
Вилоятимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш доимий кун тартибидаги долзарб ва муҳим масалага айланган. Бугунги кунда Наманганда мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси сўнгги беш йил ичида 24 фоиздан 73,3 фоизга етказилди. Жорий йилнинг ўзида инвестиция дастури доирасида 21 та мактабгача таълим ташкилоти қиёфасини тубдан яхшилаш учун 115 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Халқ таълими тизимида ҳам катта бунёдкорлик йили бўлмоқда. 36 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун бюджетдан 213 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ўқув йили бошланиши олдидан 24 та мактабдаги қурилиш-пардозлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Шу йилдан вилоятимизнинг барча туманларида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани «Нажот — таълимда!» тамойилининг ёрқин мисолидир.
Наманганда аҳоли соғлиғини сақлаш чора-тадбирлари хусусида сўз борар экан, жабҳадаги янгиланишларни жаҳон андозаларига бемалол таққослаш мумкин. Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали 357 минг евро қийматидаги энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 2,5 миллиард сўмлик сўнгги русумдаги сунъий қон айланиш аппарати билан таъминланди. Поп туманидаги махсус карантин зонаси тугатилиб, у ердаги тиббиёт контейнерлари 131 маҳаллага кўчма тиббиёт пунктига мослаштириб ўрнатилди.
Вилоятда олий таълим тизими ҳам сон ва сифат жиҳатидан жадал юксалиб боряпти. Шу йилнинг ўзида олий таълим муассасалари сони яна учтага кўпайиб, жами олтитага етди. Жумладан, Наманган Давлат университети қошидаги педагогика институти ҳамда Наманган муҳандислик-технология институти негизида Наманган тўқимачилик саноат технологияси институти ташкил этилди. Тез кунларда вилоят марказида Турон халқаро университети, Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат олий ўқув юрти расман очилиш арафасида.
Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қарор ва топшириқларини самарали ижро этиш орқали соҳаларда ижобий натижаларга эришилмоқда. Фикримиз яна факт ва рақамларда акс этади: ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 8 фоизга, халқ истеъмоли моллари ҳажми 16 фоизга, пудрат ишлари ҳажми 9,8 фоизга, жами хизматлар 16 фоизга ўсди. Қолаверса, 2022 йил давомида 573 мингта янги иш ўрни яратиш белгиланган бўлиб, 1 августгача 421 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бунда айниқса, фуқароларга 10-15 сотихдан ўн йилга ижара асосида экин ерлари ажратиб берилгани муҳим омил бўлганини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Йил якунигача 7,9 триллион сўмлик 593 та ҳудудий инвестиция лойиҳаси тадбиқ этилиб, 23 мингта янги иш ўрни яратилади. Жорий йилнинг иккинчи ярмида 157,9 мингдан зиёд ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари олиб борилаётир. Бундан ташқари, 5 минг 300 ишсиз фуқаро саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, ахборот технологиялари, замонавий агротехнологиялар бўйича касб-ҳунарга ўқитилади. Амалга оширилаётган режаларимиз давоми сифатида қайд этиш жоизки, вилоятга 346 миллион доллар хорижий инвестиция ва кредит маблағлари жалб этилади. Намангандаги корхоналар томонидан жами 501,2 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинади.
Наманганда нафақат маҳаллий, шунингдек, халқаро аҳамиятга эга моддий ва маънавий мерос объектлари оз эмас. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ҳар бир ташрифи мазкур йўналишда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишга пойдевор бўлмоқда. Исҳоқхон Ибрат мемориал мажмуаси, Ахсикент тарихий ёдгорлиги, Султон Увайс Қараний ва Ўн бир Аҳмад каби зиёратгоҳларнинг бугунги гўзал қиёфаси шундан далолат беради.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятимиз туризм соҳасида ҳам катта салоҳиятга эга. Эътибор беринг, бу йил 61-халқаро Гуллар фестивалида вилоятимизга 2 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюргани ҳам фойдаланишимиз лозим бўлган имкониятлар бисёрлигини англатади. Биз ҳар томонлама ўйлаб кўриб, халқаро фестиваль мақомини олган гуллар байрамини ўтказиш учун Янги Наманган шаҳарчаси таркибида ташкил этиладиган «Янги Ўзбекистон» боғини мос равишда лойиҳалаштирдик.
Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори юртимизда, жумладан, Наманганда янги эзгу ғоялар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилишига асос бўлди. Бу қарор ижроси «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» ғоясига ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда. Мазкур сана олдидан Усмон Носир хиёбони ва бюстини ўрнатиш ишларига киришилди. Шоир яшаб ижод этган уйни обод масканга айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Бугун Наманган вилоятида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар суръати бундан буён ҳам юксалиб бораверади. Зеро, бутун мамлакатимиз бўйлаб кун сайин намоён бўлаётган бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқлар, барча соҳаларда яратилаётган имкониятлар, энг муҳими, халқимизнинг ҳамжиҳатликка интилиши шундай ишонч ва эзгу мақсад сари ундайди.
Давлатимиз раҳбари «Бизнинг томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир!» дея бежиз таъкидламаган эди. Зотан, эл-юртга садоқатимиз, меҳримиз, чин фарзандлик бурчимиз Ватан тинчлиги, равнақи йўлидаги интилишимизда, амалга ошираётган бунёдкорлик ва халқ розилиги йўлидаги эзгу ишларимизда акс этаверади.
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2022 йил 3 сентябрь сонидан олинди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти