ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 36429
14 March, 2025, 02:48
Вилоят инвестиция, саноат ва савдо бошқармасида республикамиз ҳудудида жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабрига қадар ўтказилиши режалаштирилган «Ёнғин хавфсизлиги ойлиги» ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, чақнаш, ис газидан заҳарланиш ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ташкилланган тадбирда шаҳар, туманлар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари мутасаддилари, Миллий гвардия, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этди.
Видеоселектор тарзида ўтган анжуманда сўзга чиққан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул ходими, подполковник Ҳусанбой Абдураҳмонов, вилоят ФВБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Баҳромжон Ражабовлар кун тартибидаги масалаларга алоҳида тўхталишди.
Мамлакатимизда ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, содир бўлганларини ортиқча йўқотишларсиз бартараф этиш борасида самарали фаолият олиб бориляпти. Буни биргина вилоятимиз миқёсида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2022 йилда вилоятда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ тўққизта ҳолат қайд этилган бўлса, ўтган йили бу рақам бештани, жорий йилнинг ўтган даврида эса биттани ташкил қилди. Чақнаш билан боғлиқ ҳолатларда ҳам кескин пасайиш кузатилмоқда: 2022 йилда – 21 та, 2023 йилда – ўнта, 2024 йилнинг ўтган даврида эса бешта.
Ёнғинлар билан боғлиқ ҳолатларда ҳам ижобий натижаларга кўзимиз тушади: жорий йилнинг ўтган даврида вилоят шаҳар, туманларида 527 та ёнғин содир бўлган ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,7 фоизга кам. Аммо ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, беш нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳати олганини, кўрилган моддий зарар 113 млрд. сўмдан ортиқроқни ташкил қилганини эътиборга олсак ҳали қилинадиган ишлар кўплиги маълум бўлади.
Жорий йилнинг 15 ноябридан республикамиз миқёсида ўтказила бошланган «Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»дан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳолининг ёнғин келиб чиқиш сабаб-лари ва уларни олдини олиш усуллари ҳақидаги хабардорлигини ошириш; ёнғин чиққанда хавфсиз ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш; ёнғинларни бартараф этишга тайёргарлик кўриш; давлат органлари, жамоатчилик ва аҳолининг кучларини бирлаштирган ёнғинларни профилактика қилиш тизимини яратиш кабилардир.
Шундай экан, ёнғин хавфсизлиги - бу фақат қоидалар эмас, балки ўзимиз, яқинларимиз ва жамият ҳақида ғамхўрлик қилиш эканлигини доимо ёдимизда сақлайлик. Анжуман иштирокчилари бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Қизғин савол-жавоблар остида ўтган тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Алибек Эргашев иштирок этди.
Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.
Муҳаммаджон ЮСУПОВ олган сурат.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти