ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34903
04 December, 2024, 01:50
Бугун бутун дунёда кўкрак бези саратони хавфи ортиб бормоқда. Касаллик ривожи суст, узоқ вақт давомида белгиларсиз кечгани учун ҳам уни барвақт аниқлашнинг имкони йўқ.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали шифокори, маммология бўлими мудири Лутфияхон Бозарова билан кечган суҳбатимиз ҳам айнан шу ҳақда – хавфли касалликнинг олдини олиш, даволаш чораларига барвақт киришиш мавзусида кечди.
– Дардни даволагандан кўра олдини олган осонроқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра хасталиклар орасида кўкрак бези саратонининг «ёшариб» бораётгани, ҳар ўн аёлдан бирида ушбу касаллик учраётгани ҳар биримизни огоҳликка чорлайди. Айтингчи, ушбу дардга чалинмаслик ёки унинг олдини олишда аёлларимиз билиши керак бўлган омиллар нимада?
– Кўкрак бези саратони тўсатдан пайдо бўлмайди. Ушбу касалликка олиб келувчи саратонолди касалликлари мавжуд. Масалан, сут бези тугунли масопатияси, маститсимон ўсмалар, сут бези сут йўли патиломаси касалликларидир. Сут безида тугун ҳосил бўлган дастлабки ҳолатларда у оғриқсиз бўлиб, ривожлангандан кейин касаллик белгилари юзага чиқади.
Ушбу хасталикка хос бўлган бирламчи хусусиятларидан бири – тўқимада ўсимта ҳосил бўлиб, ривожлангандан кейингина касаллик белгилари юзага чиқади ва танадаги ўсимта ўсаётган аъзонинг фаолияти кескин бузилади. Касаллик бошланаётганда у тананинг қайси қисмида ривожланаётганидан қатъий назар, қаттиқ оғриқ бермайди. Айрим ҳолатларда бемор оғриқни сезмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам касалликни барвақт аниқлаб бўлмайди. Фожиа шундаки, онкологик касаллик-лар ҳар қандай кишида нохуш таассурот уйғотиб, тушкунлик, стресс ҳолатларига тушириб қўяди. Шу билан ҳаётим тамом, касалликни енга олмайман, деган тасаввурнинг ўзиёқ беморда соғайишга бўлган умидни батамом йўққа чиқаради. Модомики, беморда хасталик қанчалик барвақт аниқланса, уни тузатишнинг имкони бор. Фақат барчамизда тиббий маданият етарли бўлиши керак. Касаллик белгилари ҳақида қанчалик кўп билсак, биз унинг олдини олишга ҳаракат қилган бўламиз.
Касалликнинг келиб чиқишида бир неча асосий омиллар мавжуд бўлиб, жумладан, бачадон ва тухумдонлар яллиғланиши, буқоқ, жигар хасталиклари, носоғлом турмуш тарзи – ичиш, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, камҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш кабилар сабаб бўлади. Ҳайз жараёнларининг бузилиши, кўп аборт қилдириш, жинсий фаолиятнинг издан чиқиши, қаттиқ сиқилиш ҳамда стрессга тушиш ҳолатлари ҳам касалликни келтириб чиқарадиган омиллардир.
Касалликни даволашнинг мураккаблиги ва вақт ўтказиб юборилганида чорасиз қолиш туфайли ҳам у ҳалигача бедаво дард сифатида қабул қилинади. Бироқ, хасталикни илк давридаёқ аниқлаш уни 95 фоиз ҳолларда тўлиқ даволашни кафолатлайди.
– Кўкрак саратонидан белги берувчи ҳолатлар ҳақида батафсил тўхталсангиз. Касалликка чалинганларда қандай белгилар кузатилади?
– Касаллик белгилари сезилмагани учун ҳам у кеч аниқланади. Шунинг учун ҳам аксарият беморлар кеч мурожаат қиладилар. Кўкрак бези саратонининг илк белгилари кўкрак безида кичик, нўхатдек қаттиқликда сут безини тўлиқ эгаллаган ҳосила бўлиши билан бошланади. У қаттиқ, ҳаракатсиз бўлади. У терига ўсиб ўтган бўлиши ҳам мумкин. Баъзан аёлларимиз «хапланиш» деб халқ табобати йўли билан касалликни даволашга уринишади. Сут бези сўрғичидан гўшт селига ўхшаш, баъзида қонли ажралма келиши мумкин. Сут бези териси ранги ўзгариб, апельсин пўстлоғи тусига киради. Қўлтиқ соҳасида қаттиқлик пайдо бўлади. Лимфа тугунлари катталашади.
Ўз вақтида мурожаат қилмаган беморларда касаллик тарқалган формага ўтади. Бунда доимий оғриқ, йўтал ва нафас олишнинг қийинлашуви, шунингдек, ҳолсизлик, вазндаги ўзгаришлар, қоринда шиш, ўнг қовурға остида оғриқ бўлиши, суяк тизимида ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Уйда ўзича даволанганда оғриқни қолдирувчи ва антибактериал дори воситалари ҳам таъсир қилмай қолганда сут безидаги оғриқ ва яраланган ҳосилалар бўлиши касалликнинг ривожланаётганидан далолат беради. Касалликнинг кечки босқичларида тушунарсиз ва сабабсиз йўтал хуружлари кузатилади. Кўп аборт қилдирган, кўкрак сути билан тўлиқ эмизмаган, қандли диабети бор, камҳаракат аёлларда касалликка чалиниш хавфи юқорироқ. Сабабсиз қабзият ёки ичбуруғ ҳам кўкрак бези саратонига доир текширувлардан ўтиш учун асосли сабаб бўла олади. Жуда озиб ёки тўлишиб кетиш ҳам касаллик аломатларидан биридир.
Кўкракнинг ўзгариши ёки қичишиши ҳам касаллик ривожланаётганини билдиради. Ҳайз циклидан олдин оғриқ бўлса, кўкракларда шиш кузатилса, оғриқ чекинмаса, бефарқ бўлманг. Сут бези саратони шуниси билан хавфлики, тез орада даволанмаса, бутун организмни емиради. Касалликнинг авж олиши натижасида метастазлар суякларга, ҳатто бош мияга зиён етказади.
– Кўкрак саратони учун қандай текширувлардан ўтиш зарур?
– Башарти аёлларимиз ўзларида шу белгилар борлигини пайқаб қолсалар, биринчи навбатда ўзларини ўзи текширишлари зарур. Ҳайз кўрадиган аёллар ҳайз цикли тагагандан кейин 5-6-кунлари,ҳайз кўрмайдиган аёллар ҳар ойнинг бир кунини белгилаб, текширишдан ўтказишлари керак. Бунинг учун махсус қўлланмалар мавжуд.
Йигирма беш ёшдаги аёлларнинг йилда бир маротаба УТТ текширувидан, қирқ ёшдан кейин эса йилда икки марта маммография текширувидан ўтиб туришлари тавсия этилади.
Маммография – кўкрак саратонининг эрта босқичда аниқлашнинг энг самарали усули ҳисобланади. Бунда кўкрак безида ҳатто аёл ўзи сезмаган, жудаям кичик бўлган ўсимтани кўриш имкони бор. Касалликни эрта аниқлаш аёл ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали (собиқ онкология диспансери)да 40 ёшдан 60 ёшгача бўлган аёллар энг замонавий маммография аппарати ёрдамида бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Маммографик текширувда сут бези саратонига шубҳа қилинган аёллар кенгайтирилган текширувлардан ўтади. Ҳар қандай соғлом аёл ҳам тиббий кўрикдан ўтишни унутмаслиги лозим.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда ҳар ойда туманларда белгиланган режа асосида «Маҳорат дарслари» ва бепул тиббий кўриклар ўтказиб борилмоқда.
– Демак, касалликка чалинмаслик учун у ҳақда батафсил маълумотга эга бўлиш шарт...
– Худди шундай. Аёл киши ўзида бирор бир нохушлик сезса, дарҳол маммолог-шифокорга мурожаат қилиши шарт. Тиббий чуқурлаштирилган кўрикдан вақтида ўтиш, тўғри овқатланиш тартибига риоя қилиш, овқат рационида саримсоқпиёз, булғор қалампири, кўкатлар, сабзавотлар ҳамма вақт бўлишини таъминлаш ва спорт билан мунтазам равишда шуғулланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Аччиқ, шўр овқатлардан ўзини тийиш керак.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА суҳбатлашди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти