ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34707
21 November, 2024, 06:21
– Бир неча асрлар давомида аниқ ва табиий фанлар Ўзбекистон заминида кенг ривожланиб, Ўрта Осиё ҳудуди дунё интеллектуал маркази бўлиб келган. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ХIII-XVI асрларда Cоҳибқирон Амир Темур даврида ҳам тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намоёндаларига катта эътибор ва эҳтиром кўрсатилган.
Зеро, юртимиз ҳудудида юзага келган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Абу Али ибн Сино, Насриддин Тусий, Қозизода Румий, Жамшид Коший, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ва Шарқнинг бошқа олимлари илмий тадқиқотлари жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшди.
Шунингдек, буюк алломаларимизга муносиб авлод сифатида вилоятимиздан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг аъзолари, академиклар – Абдумавлон Абдуллаев, Абдулла Аъзамов, Аҳмадали Асқаров, Маҳмуд Салоҳиддинов, Комилжон Тожиев ва Иброҳим Абдураҳмонов...ларнинг етишиб чиққани биз учун ҳамиша фахр ва ифтихор бағишлайди.
Юртимиз келажаги ва ёшларимизнинг эртасини барпо этишда Фанлар Академияси бошчилигида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилаётгани барчамиз учун қувончли. Айни кунларда вилоятимиздаги олий ўқув даргоҳларида ҳам таълим жараёнига замонавий ўқитиш услубларини жорий қилиш, иқтидорли ёшларни саралаш, халқаро меҳнат бозори учун етук мутахассисларни тайёрлаш, илмий тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда амалий натижадорликка йўналтиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан вилоятимизда 78 та кичик саноат зонаси бунёд этилди. Уларнинг фаолиятини, изчиллигини таъминлашда ёш кадрларнинг, илм-фан вакилларининг ўрни беқиёс. Ушбу ривожланишга ҳамоҳанг тарзда вилоятимизнинг ўзида олий таълим муассасалари сони учтадан ўнтага етказилди. Бугун вилоятимиз олий ўқув юртларида илмий даража ва унвонларга эга бўлган профессор-ўқитувчилар ёшларга самарали ва пухта таълим бериб келмоқда. Бунинг натижасида вилоятда илм-фан янги босқичга кўтарилиб, ишлаб чиқариш тармоқларига рақобатбардош кадрлар тайёрланмоқда.
Юртимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биотехнологиялар, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, соғлиқни сақлаш, маданий-маънавий (моддий-номоддий) ёдгорликларни авайлаб-асраш, келажак авлодга етказиш, энергия ва ресурстежамкорлик, ядро физикаси соҳалари ривожида, келажак авлод тарбиясида ва ёшларни илм-фанга жалб қилишда муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Жорий йилнинг 23-24 май кунлари «Академик ва ёшлар: илм-фан тараққиётини ёшлар яратади» мавзусидаги Конгрессда иштирок этувчи олимлар, профессор ва Академиклар томонидан ўқиладиган илмий маърузаларда ҳам ёш авлод вакиллари учун зарур бўлган қимматли маълумотлар ўрин олади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фан ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш, илмий-техник сиёсат стратегияси ва инфратузилмани ривожлантириш, технология асрида фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мувофиқлаштириш давлатимиз раҳбари талаби ва бугунги куннинг долзарб вазифаларидан саналади.
Ишонч билан айтамизки, академик ва ёшлар учрашувида илм намоёндаларининг тажрибаси ёш олимларимиз ва талабаларнинг олиб бораётган илмий-тадқиқотлари ва тажриба-конструкторлик ишларида катта ёрдам беради. Мамлакатимиз илм-фанининг янги қиёфасини ҳамда ўзгаришлар динамикасининг самарали бўлишига замин яратади.
Шавкат АБДУРАЗЗОҚОВ,
Наманган вилояти ҳокими.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти