Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 09:26

Жамият

Юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш: миллий ва хорижий тажриба

  • 16.Октября.2023
  • 712

Ўзбекистонда МДҲнинг бошқа мамлакатларига нисбатан юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш бўйича қонунчилик жараёни бир мунча аниқ ривожланиш тенденциясига эга бўлганини барчамиз яхши биламиз. Хусусан, иқтисодиёт, давлат ва хўжалик бошқаруви тизимидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, бир қатор ҳуқуқий тусдаги хужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 02.03.1993 йилдаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналаридаги юридик хизмат тўғрисидаги Низом, Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2007 йилдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 182-сонли қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 244-сонли қарори ва ҳоказо ҳужжатлар.

Ушбу ҳужжатлар юридик хизмат ролини ошириш билан бир қаторда юридик хизматнинг асосий функцияларидаги ўзгаришларни назарда тутиши, унинг ходимларини юридик тусдаги, хусусан, турли мазмундаги шартномаларни қонунчиликка мувофиқлигини формал тарзда тасдиқлаш ва имзолаш ўрнига шартномавий алоқаларни шакллантириш, корхоналар томонидан шартномаларни тузиш, уларнинг мазмунини белгилаш жараёнининг фаол иштирокчиларига айланишини тақозо этади. Шу ўринда, контрагентлар томонидан шартномаларни тўғри бажариши, шу жумладан шартнома мажбуриятлари бузилиши оқибатида корхонага етказилган зарарни ҳуқуқий воситалар орқали қопланишини таъминлашда юридик хизмат фаолиятини аҳамияти ортди.

Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасига ҳам таяниш ўзини самарали натижасини беради.

Масалан, Германияда юристлар ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш билан шуғулланиш баробарида идоралар ва корхоналар фаолиятида қонунийликни таъминлайди. Уларнинг асосий вазифалари барча ҳукумат фармойишларини узлуксиз ижросини таъминлаш, маъмурий интизомни ушлаб туриш, коррупциядан холи ҳокимият аппарати шаклланишини рағбатлантириш, давлат бошқаруви сифати ва самарадорлигини оширишдан иборат.

Германияда ҳуқуқий ишни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларнинг қисқача шарҳи юрисконсультларнинг, ҳуқуқий ишнинг махсус субъектлари сифатидаги фаолияти хусусиятларини кўрсатади.

Франция давлат бошқаруви органларида (маҳаллий, миллий органлар, вазирликлар, идоралар ва бошқалар) ҳам юридик хизматлар мавжуд. Улар ушбу органлар ўз фаолиятини қонун доирасида амалга оширишга кўмаклашадиган малакали юридик ёрдам бериш, уларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат манфаатларига зид бўлган ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишини олдини олиш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш ва киритишга йўналтиради.

Юридик хизматлар тузилмаси, ходимлар сони, уларга қўйиладиган талаблар, юридик хизматлар роли ва ваколатлари ушбу орган фаолиятининг характери /кўлами/ соҳасига қараб ўзгаради.

Испанияда юридик хизматлар – бу давлат муассасалари бошқарув аппаратининг алоҳида таркибий тузилмалари (департаментлар)дир. Юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат –бу "Давлат ташкилотларининг юридик регламенти ва умумий маъмурий процессуал тартиби тўғрисида"ги Қонун ҳисобланади.

Ушбу Қонун талабларига биноан юридик хизмат ходимлари ўзлари хизмат кўрсатаётган давлат муассасалари ва идоралари ходимлари сифатида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш фаолияти билан ҳам шуғулланади.

Масалан, юридик департаментларни ваколат доирасига, турли хил ер ҳуқуқларига оид рухсатномаларни ўрганиш/бериш, фуқаролар мурожаатлари билан боғлиқ бўлган ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш, суғурта, суд жараёнлари ва ҳоказолар кирадиган шаҳар мэриялари юридик хизмати ходимлар бўлиши мумкин.

Ҳар бир давлат органи (муассасаси) юридик департаментининг асосий вазифалари қилиб, қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш, уларга муайян турдаги ҳуқуқий ишларни бажариш вазифаси юклатилади.

Шунингдек, юридик департаментда иқтисодчилар ва техник ходимлар ҳам ишлаши мумкин. Олий юридик маълумотга эга, идоранинг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш бўйича зарур кўникма ва билимларга эга бўлган, шунингдек юриспруденция соҳасида катта тажрибага эга бўлган ходимлар давлат идораси юрисконсульти бўлиш ҳуқуқига эга.

Англо-саксон ҳуқуқ оиласига мансуб бўлган Канада ҳуқуқий тизимида давлат юридик хизматини ташкил этиш ва фаолият юритиши моделининг асосий хусусияти бўлиб, барча юридик хизматлар давлатнинг ягона ҳуқуқий сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш учун Адлия вазирлигида жамланган.

Бу моделнинг ташкилий афзаллиги, кадрларни танлаш ва малакасини оширишнинг умумий стандартларидан фойдаланиш, юристлар хизматларига ҳақ тўлашда янада шаффофлик ва одилликни таъминлашга имкон беради.

Юридик хизматни марказлаштиришнинг мазмун жиҳатидан афзаллиги сифатида шундай ҳолатни кўрсатиш мумкинки, бунда ишни ташкил этиш ва бажаришни таъминлаш, раҳбариятга иқтисодий ва ижтимоий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар бериш; фармойиш шаклидаги лойиҳаларни ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқиш учун киритишдан аввал уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текшириш; таркибий департаментлар ички муносабатларини тартибга солувчи буйруқлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш; бошқа таркибий департаментлар билан бирга буйруқлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулосалар тузиш, шунингдек ҳужжатларга ўзгартишлар киритилиши ёки кучини йўқотган ҳужжатлар бекор қилинишини назорат қилиш; қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар сақланишини таъминлаш ва ҳисобини юритиш; муайян ҳужжатнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эканлигини назорат қилиш ва у ёхуд бу ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида идора раҳбариятига тегишли маълумотни тақдим этиш; ҳуқуқий билимлар даражасини ошириш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ва ўтказиш, қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот бериш ҳисобланади.

Шу билан бирга, давлат юридик хизмати монополияси Адлия вазирлигига бутун мамлакат миқёсида давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг бўлинмалари билан "бир овоздан" сўзлашишга имконият беради. Бунда, Адлия вазирлиги тизимида ишлайдиган юристларнинг аксарият қисми Адлия вазирлиги ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари биноларида бўлмайди. Уларнинг иш ўринлари бевосита турли вазирликларда ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида жойлашган.

Канадада қонунчилик ҳужжатларини лойиҳалаш фаолиятини ташкил этиш ишлари ҳам диққатга сазовор. Ҳар қандай даражадаги ижро ҳокимиятидан келиб чиқадиган барча ташаббуслар, қонун лойиҳаси матн шаклида Канада Адлия вазирлиги ходимлари томонидан расмийлаштирилади.

Бу қабул қилинаётган қонунлар ва қонуности ҳужжатлар сифатини сезиларли даражада ошириш, шунингдек, уларни қўллашда зиддиятларни олдини олишга имкон беради. Таъкидлаш лозимки, амалдаги қонунчиликка биноан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш учун масъул бўлган асосий давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Шунингдек, ҳозирги кунда мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда марказлашув тенденцияси доирасида адлия органларига тобора катта ва масъулиятли вазифалар юкланиб бормоқда. Шу муносабат билан, ижро этувчи ҳокимият органларининг умумий вазифаларини инобатга олган ҳолда, ижроия ҳокимияти тизимига кирувчи барча давлат органларининг, шу жумладан маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ишлари Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари ходимлари томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.05.2020 йилдаги "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ–5997-сон Фармонининг 10-бандига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 10.09.2020 йилдаги 561-сон қарори билан давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри, Марҳамат ва Қарши туманларида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш кўзда тутилди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилиши ҳамда тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириши белгиланди.

Синов тариқасида жами 23 та давлат органи ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларига юридик хизматлар кўрсатувчи марказлар фаолияти Адлия вазирлиги тизимида йўлга қўйилиб, ўзининг ижобий самарасини берди.

Юридик хизмат кўрсатиладиган давлат идораларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи «E-huquqshunos» электрон тизими яратилиб, иш юритуви тўлиқ рақамлаштириш чораларини кўрилди.

Давлат органларида ҳуқуқни бир хил қўллаш амалиёти шаклланди ҳамда аҳолига ва бевосита ижрочиларга қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва тушунтиришнинг янги бўғини яратилди.

Шу билан бирга, юридик хизмати мавжуд бўлмаган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса, қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатиш ташкил этилди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Жумладан, Президентнинг 29.06.2021 йилдаги «Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5168-сон қарори билан республиканинг барча туман ва шаҳарларида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари, кейинчалик 17.03.2022 йилдаги «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-89-сон Фармонига мувофиқ, марказлар туман (шаҳар) адлия бўлимлари тузилмаси ва бўйсунувига ўтказилди.

Шунингдек, қўшимча равишда Президентнинг 18.03.2022 йилдаги “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 173-сон қарори қабул қилинди ва унга асосан 2022-йил 1-августдан бошлаб босқичма-босқич юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан республиканинг барча туман ва шаҳарларида юридик хизмат билан таъминланмаган давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмаларига юридик хизмат кўрсатилиши жорий этилди.

Улар: умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар, туризм ва маданий мерос бўлими, оила ва хотин-қизлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси, Қамбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, қишлоқ хўжалиги бўлими, спортни ривожлантириш бўлимидир.

Ҳозирги кунда Наманган шаҳар адлия бўлимини юридик хизматлар кўрсатиш маркази томонидан юқорида қайд этилган меъёрий хужжатлар талаблари асосида фаолият олиб бормоқда.

Наманган шаҳар Юридик хизмат кўрсатиш маркази ўз фаолиятини ташкил етган вақтдан буён жами «Е-ҳуқуқшунос» электрон дастури бўйича 124 та хизмат кўрсатилаётган давлат органлари ва ташкилотларига тегишли бўлган 53002 та юридик тусдаги хужжатларни кўриб чиқиб, хулосалар берилди.

Шундан, барча турдаги буйруқлар сони 31664 тани, барча турдаги шартномалар сони 21338 тани ташкил етди.

Бундан ташқари, 51 та талабнома ва 26 та даъво аризаси хизмат кўрсатилаётган давлат органлари ҳамда ташкилотлари манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланиб, тегишлилиги бўйича юборилди.

Юқоридаги талабнома ва даъво аризаларини ижобий ҳал этилиши таъминланмоқда.

Иқболжон ҲАКИМОВ,

Наманган шаҳар Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи

Энг кўп ўқилганлар

Календарь