Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 08:27

Жамият

Юртимиз яшилликка бурканади

  • 26.Октября.2023
  • 420

Мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Табиатни асраш, ҳаво мусаффолигини тоза сақлаш учун яшил манзилларни кўпайтириш мақсад қилинган мазкур лойиҳа Поп туманида ҳам кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этиб, йиғилганларни кузги дарахт экиш мавсумида фаол қатнашишга ҳамда «Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!» деган ғояни қўллаб-қувватлашга чақирди. Тошкент-Поп-Наманган катта йўл ёқаси бўйлаб қарийб 40 км. масофага 50 минг туп мевали ва манзарали кўчат экилди. 

2022 йилда туманда 1523,8  туп  баҳорги ва кузги кўчат экилган. Жумладан, Ғурумсарой ҳудудида ташкил этилган «Янги Ўзбекистон боғи»га 10 минг тупдаги турли манзарали кўчат ўтқазилиб, яшил макон барпо қилинди. 

Маҳаллалардаги кўчаларни обод қилиш мақсадида мавжуд ариқлар бўйига ва  кўп қаватли уйлар атрофига икки мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, 3,5 мингта терак қаламчаси ва 20 минг туп турли хилдаги гул кўчати экилиб, намунали кўчалар ташкил қилинган. 

Туманда 2023 йилда «Яшил ҳудудлар» сафини кенгайтириш борасида амалий ишлар ташкил қилиниб, 2,3 гектар майдонда «Яшил боғлар», 2 гектарда эса «Яшил жамоат парклари» барпо этилди. Шунингдек, 2 км.да суғориш тармоқлари қазилиб,  мавжуд ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланмоқда. Йил якунига қадар 34 турдаги 640  мингта манзарали ва мевали дарахт кўчати экилиши режалаштирилган. 

– Биз қаерга қадами етса боғ яратган, шаҳар ва қишлоқларни обод қилган Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк бобокалонларимиз авлодимиз, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Иқболжон Холиқов. – «Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!» ғоясини қўллаб-қувватлаб, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси биз – келажак авлод учун бўлаётганлигини дилдан ҳис қилиб, лойиҳада фаол иштирок этяпмиз. 

Тадбир якунида лойиҳа иштирокчиларига байрам дастурхони ёзилди. Туман маданият маркази санъаткорлари томонидан ижро этилган дилбар қўшиқлар чарчоқларни ёзиб, кўнгилларга хуш кайфият бағишлади.   

* * *

Чуст туманидаги тадбир ҳам мазкур лойиҳа доирасида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Туманда кейинги уч йил давомида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2 млн. 507 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Жумладан, «Чуст гулзори» маҳалласи ҳудудида 22,7 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон боғи»  барпо этилиб, 22 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчати экилди.

Шунингдек, 1,5 гектар ерда «Яшил боғ» ва 70 сотих майдонда «Яшил жамоат парклари» ташкил қилинди. Амалдаги йилнинг баҳор фаслида 816 минг дона манзарали, мевали ва бута кўчатлари ҳамда 100 минг тупдан зиёд ток, терак, тол ва павлония қаламчалари, беш минг дона атиргул, 25 минг дона райҳон, 150 минг дона турли хил гул кўчатлари ўтқазилди. Лойиҳа доирасида куз мавсумида 530 мингдан ортиқ  ҳар хил турдаги кўчатлар экиш режалаштирилди.   

Шоҳида ДАМИНОВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь