ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35115
22 December, 2024, 11:33
Мамлакатимизда ёшларга катта эътибор бериб келинаётгани, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, бандлигини таъминлаш, маънавий-маърифий дунёқарашини ривожлантириш мақсадида шахсан Президентимиз томонидан кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада “Ёш китобхон” ҳамда “Заковат” интеллектуал мусобақалари асосий марказда, десак муболаға бўлмайди.
“Заковат” - интеллектуал телеўйин бўлиб, 2001 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Унинг асосчиси ва бошловчиси – Абдурасул Абдуллаев. Кейинги пайтларда у кенг кўламда ривожлана борди. Шуниси қувонарлики, жорий йилнинг 20 январь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид қарорни имзолади.
Яқинда - Ёшлар куни муносабати билан Тошкент вилояти “Янги Ўзбекистон” боғида муҳтарам Президентимиз ва ёшлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мана шу учрашувда шахсан иштирок этган юксак салоҳиятли, заковатли ёшлардан ҳисобланган Наманган Давлат университети юридик факултети 4-босқич талабаси Баҳромжон Содиқов ҳамда кимё йўналиши 2-курс магистри Дилшодбек Турдумаматов билан “Заковат”да эришган ютуқлари ҳақида ўртоқлашдик.
- “Заковат”га ўтган йили қиш фаслида кириб келганман, - дейди Баҳромжон. - Бунда устозим Худойберди Эргашевнинг катта ҳиссалари бор. Ақлий ўйинларда қатнашиб юрган устозимнинг тавсиялари қайсидир маънода туртки бўлди.
2021 йил январь ойида НамДУ “Заковат” координатори Шавкатбек Шокиров университет каналига берган реcтор кубоги ўйинини ўтказиш ҳақидаги эълонни эшитганимдан сўнг курсдошларим билан биргаликда жамоа тузиб қатнашдик. Лекин биринчи қадам унчалик муваффақиятли бўлмади. Ўз устимда қаттиқ ишлашга киришдим, изландим. Ҳаракатларим натижаси ўлароқ бу йил бир неча турнирларда муваффақият қозондим. Жумладан, НамДУ реcтор-cуп 2022 турнирида жамоам билан ғалаба қозондик ва ректоримиз томонидан берилган кўчма кубок ҳамда 14 миллион сўм пул мукофотига эга бўлдик.
Шунингдек, маҳаллалар ўртасидаги “Заковат” ўйинида вилоятда биринчи ўринни эгалладик. Республика босқичида эса иккинчи ўринни забт этиб, 50 миллион сўм ютиб олдим. Ҳурматли Президентимизнинг айни “Заковат” учун қаратилган алоҳида эътибори биз ёшларни олға қадам ташлашимизга, кўпроқ билим излашимиз, китоб ўқишимиз учун жуда катта мадад бўлди. Яқинда - 30 июнь - “Ёшлар куни”га бағишланган фестивалда иштирок этишга муваффақ бўлдик. Давлатимиз раҳбарининг маросимдаги: “Сиз, ахир, осмонни эгалламоқчи бўлсангиз, мен нечун елкамни тутиб бермайин” - деган сўзлари биз ёшлар учун жуда катта мотивация бўлди.
Иккинчи суҳбатдошимиз Дилшодбек Турдимаматовнинг фикрлари ҳам ибратли бўлди:
- Мен 2017 йилда НамДУ кимё факультетига ўқишга кирганимда курсдошим ва энг яқин дўстим Шавкатбек Шокировни “Заковат” билан шуғулланиб юрганини кўрдим. Бир марта иштирок этишим биланоқ бу ўйин ўзига асир қилди.
Шу йили Фарғона вилоятида республика миқёсидаги “Талабалар лигаси” турнири бўлиб ўтди. Турнирда университет терма жамоаси билан қатнашдик.
“Заковат”даги ютуқларимнинг энг кўзга кўринарлиси ҳозирча республика миқёсида ўтказилган “Брейн Ринг“ турнири бўлиб турибди. Унда Наманганнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлмиш “Мехмаш эрудит” билан қатнашдик.
“Брейн Ринг” баҳсларида Наманган чемпиони бўлиб, 100 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритдик. Ўша турнирнинг “Гранд финал” қисмида эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ва у ердаги “Заковат”га берилган кўплаб имкониятлар ҳеч қачон хотирамдан ўчмаса керак. “Заковат” - ҳозирда ҳам трендда, эл назарида!
Президентимиз Ёшлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида ҳам “Заковат” клуби фаолиятига юксак ишонч билдиргани бизни янги ғалабалар сари руҳлантириб юборди.
Диёра ВАЛИЕВА,
Фарғона Давлат университети филология факультети 4-босқич талабаси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти