ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35110
22 December, 2024, 08:05
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш. Мирзиёев бошчилигида 2023 йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш – тарих ва келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурч эканини таъкидлаб, қатор вазифаларни қўйган эди.
Ана шу вазифалар ижросидан келиб чиқиб, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Б. Ташев тасдиқлаган чора-тадбирлар режасига асосан жорий йил ҳар чоракда ички ишлар идораларида профилактик назоратда турган ҳамда уюшмаган ёшларнинг 100 нафарини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ўқитиш бўйича «Жасорат мактаби» ўқув йиғини ташкил этилди.
Куни кеча вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида «Жасорат мактаби» ҳарбий ватанпарварлик йиғинининг иккинчи мавсуми ўтказилди.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, ҳаётда йўлини топа олмаётган, профилактик ҳисобда турган, бандлиги таъминланмаган ёшлар учун бундай тадбирларнинг ташкил этилиши улар ҳаётида катта ўзгаришлар содир қилди, десак муболаға эмас. Мазкур лойиҳада иштирок этаётганлар ҳарбий либосларда ўзларини Ватан ҳимоячисидек ҳис қилиб, армия ҳаёти билан яқиндан танишдилар. Машқлар жараёнида тобландилар. Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари кубоги учун мини футбол бўйича мусобақалар ташкил этилди. Округ қўмондони кубоги учун «ҳарбий эстафета», вилоят ДХХ бошқармаси бошлиғи кубоги учун миллий кураш мусобақалари ўтказилди. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан «Заковат» интеллектуал ўйинларида иштирокчилар ўз билим ва маҳоратларини намойиш этдилар. IT Park вилоят филиалида лойиҳа доирасида компьютер технологиялари бўйича машғулотлар ўтказилди.
– Ўн кунлик йиғин иштирокчиларга ёрқин таассуротларни улаша олди, деб ўйлайман. «Жасорат мактаби» чин маънода ёшларни катта ҳаётга тайёрлашда, тўғри қарор қабул қилишда, ўзига бўлган ишончни оширишда кўприк вазифасини ўтади, – дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Исмоил Урунбаев. – Бугунги тадбирда 3 нафар ёшга ҳарбий гувоҳнома топширдик, яна шунчасидан олий ҳарбий билим юртига ўқишга топшириш учун ариза қабул қилинди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 8 нафар иштирокчига сафарбарлик чақируви резерви пул бадалларини тўлаш бўйича сертификат топширилди. 6 нафар ўғлонга муддатли ҳарбий хизматга юбориш бўйича вилоят тиббий комиссиясидан ўтиш учун йўлланма берилди.
«Жасорат мактаби» мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик, шу жумладан, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб авайлаш зарурлигини чуқур сингдириш, «Халқ ва армия – бир тану, бир жондир!» деган эзгу тамойил асосида ёшлар тарбиясига масъул вазирлик ва идораларнинг куч ва имкониятларини бир ғоя, бир мақсад асосида бирлаштиришни талаб этмоқда.
Ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинининг якуний тадбири тантаналарида жамоат ташкилотлари, ёшлар, ота-оналар, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раиси Мусохон Аппақов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси Ҳасанбой Хидиров «Жасорат мактаби» мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашда улар тарбиясига масъул вазирлик ва идораларнинг куч ва имкониятларини бир ғоя, бир мақсад асосида бирлаштиришни талаб этаётганини таъкидладилар.
– Ёшлар ишлари агентлиги томонидан сафарбарлик чақируви резерви пул бадалларини тўлаш бўйича сертификат олдим. Ўқув йиғин дунёқарашимни ўзгартириб юборди. Ўз олдимга катта мақсадлар қўйдим, – дейди Мингбулоқ туманидан Зуҳриддин Маматоҳиров.
Қувонарлиси шундаки, ўн кунлик йиғинни якунлаган ёшлар ота-оналарининг қувончи ҳам чексиз, улар фарзандлари келажакда етук, баркамол инсон бўлиб етишларига ишонч билдирдилар.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти