Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 10:22

Жамият

Зиёратчиларнинг илк гуруҳи Ҳажга жўнаб кетди

  • 19.Июня.2022
  • 1016

19 июнь куни «Ҳаж-2022» дастури бўйича Наманган - Мадина йўналишида биринчи авиарейс самога йўл олди. Ушбу парвоз «Uzbekistan airways» авиакомпаниясининг «B-767» русумли ҳаво лайнери орқали амалга оширилиб, унда 245 нафар юртдошимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Бутун дунёга ташвиш келтириган коронавирус пандемияси сабабли Муқаддас зиёратга бориш маълум муддатга тўхтаб қолган эди. Жорий йилдан яна улуғ сафарга йўллар очилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида минглаб ватандошларимиз ўз фарзларини эмин-эркин бажариш бахтига эришмоқда. Бу борада уларга давлатимиз томонидан амалий ёрдам кўрсатиляпти, қулай шарт-шароит яратилмокда. Квоталар пандемиядан аввалгига қараганда қарийб 4 минг нафар, яъни 52 фоизга кўпайди. Албатта, Ўзбекистон аҳолисига берилган имкониятлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган изчил сиёсатнинг ёрқин самараси бўлди. Эътиборлиси, бу йил Ҳаж сафарига вилоятимиздан 1 минг 300дан ортиқ киши йўл олади.

Ҳаяжонли дамларда Яратганнинг байти сари отланган, орзулари ушалган ҳамюртларимиз эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келишни сўраб, хайрли дуолар қилишган бўлса, кузатишга чиққан яқинлари Каъбатуллоҳга бориш уларга ҳам насиб этишини дилларига тугишди.
– Узоқ йиллардан буён маориф, оила ва маҳалла тизимидаги давлат муассасаларида хизмат қилиб келмоқдаман. Кексалик нафақасига етганда, Ҳаж зиёратига боришни ният қилгандик. Шукурким, муродимиз ҳосил бўлиб, улуғ сафарга отланмоқдамиз, – дейди Наманган туманидаги халқ таълими фахрийси, «Соғлом турмуш» медали соҳиби Дилбар Ҳошимова. – Қутлуғ сафарга тайёргарлик кўриш, тиббий кўрикдан ўтиш, вакциналаш, сафар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби жараёнлар ташкилотчилар томонидан юқори савияда ташкил этилди. Насиб қилса, Мадина ва Макка шаҳарларида адо этадиган зиёратларимиз вақтида ҳам бугунги доруломон кунлар шукронаси, юртимиз ривожи,  фаровонлиги, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида бошлаган хайрли ишларимиз ўнгидан келиши, Ҳаж зиёрати бутун мусулмонларга яна узоқ йиллар бардавом бўлишини сўраб, қўлларимизни дуога очамиз.

Қайд этиш жоизки, бўлғуси ҳожиларга зиёрат давомида барча шароитларга эга меҳмонхоналар хизмат кўрсатиб, тажрибали ишчи гуруҳ ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қиладилар.
«Ҳаж-2022» дастури асосида «Наманган халқаро аэропорти»дан Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари зиёратчиларини Мадинаи мунавварага етказиш учун 16 та авиарейс режалаштирилган.  Ҳар бирида 245 нафардан йўловчини манзилга етказиш ва мавсум якунида мамлакатимизга қайтариб олиб келиш кўзда тутилган.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь