ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35138
25 December, 2024, 12:16
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18-19 февраль кунлари Наманганга ташрифи чоғида ўтказилган вилоят фаоллари йиғилишида Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамованинг фаолиятига юқори баҳо бериб, унинг иш тажрибасини бошқа туманларга намуна сифатида кўрсатганди.
Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ҳам йиғилишда сўз олиб, туманда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» билан ишлаш борасида давлат раҳбарига аниқ таклифларини билдирганди. 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Президентимиз имзолаган Фармонга кўра, қаҳрамонимиз «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Опани бу юксак мукофот билан қутлаб, дил сўзларини ёзиб олдик.
- Дунёда аёл зоти борки, беминнат меҳнати ва меҳри туфайли ишда ва уйда ҳамиша ҳурмат ва эъзоз топади. Шу жиҳатдан қараганда, бугун ўзбек хотин-қизлари ана шу неъматлардан баҳраманд бўлиб яшашмоқда. Юртбошимизнинг одилона сиёсати замирида, аввало, инсон бахт-саодати мужассам экан, нозик хилқат вакиллари чин маънода ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, севги-муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланишди.
Муҳтарам Президентимиз биз кабиларни ҳоким этиб тайинлаш орқали аёлларнинг куч, матонат ва салоҳиятда эркаклардан қолишмаслигини исботлади. Яқинда вилоятимизга ташрифи пайтида ҳам камтарона хизматим учун Шавкат Мирзиёевдан қўллаб-қувватловчи сўзлар, мақтов эшитганим мени янада ғайрат билан ишлашга ундаяпти. Масъулиятли ишончни оқлаш йўлида, албатта, бор имкониятимни ишга соламан ва амалий катта натижалар билан жавоб қайтараман.
Тўрақўрғон туманимизда пандемия бўлишига қарамай, 2020 йилда 2019 йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 105,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102,2 фоиз, пудрат ишлари 104,7 фоиз, чакана савдо айланмаси 104,3 фоиз ва жами хизмат ҳажми 102,5 фоизга бажарилди.
Президентимиз топшириқларига асосан, туманда «Маҳаллабай» ишлаш мақсадида 3 босқичли бошқарув тизими йўлга қўйилди. 4 та секторларда бошқарув офислари ташкил этилди. Ҳар бир маҳаллага банк ходимлари бириктирилди ва маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ўрганилди. Натижада ўтган йилда туман бўйича 11337 та янги иш ўрни яратилиб, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»идагиларни ва кўплаб фуқароларимизни иш билан банд қилишга эришдик.
Айниқса, турли сабаблар билан муаммоларга дуч келган аёлларни махсус назорат билан уларга алоҳида эътибор қаратилаётгани дунё тажрибасида ҳам камдан-кам учрайди. Бу саъй-ҳаракатлар жамиятимизда ҳамма тенг ҳуқуқли эканлиги, жами хотин-қизлар ҳаётдан рози бўлиб яшашга муносиблиги таъминланаётганидан далолатдир.
Мамнуният билан таъкидламоқчиманки, менга топширилган мукофотни меҳнаткаш, асл боғбону соҳибкорлар, ҳунармандлар, тадбиркорлардан иборат туманимиз аҳлига берилган эътироф деб биламан. Давлат мукофотини муҳташам залда Президентимизнинг ўз қўлларидан қабул қилиб олганимдан беҳад бахтиёрман! Олий рағбат эса янада руҳлантириб, матонат билан фаолият юритишга чорлайди.
«Янги Ўзбекистон» мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти