ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34708
21 November, 2024, 08:13
Дарҳақиқат, азалдан бойлик ҳақида гап кетганда, бойларнинг пули кўплари эмас, балки улар орасида саховатлилари, яъни эҳтиёжманд одамларга қиладиган мурувватлари, хайри эҳсонлари, садақаи жориялари алоҳида эътиборда тутилади. Ана шундай саҳоватли давлатмандларнинг типик намунаси бўлмиш Ҳотам Тойи ҳақидаги ривоятлар бутун дунё аҳлининг жон-жонига, дил-дилига сингиб кетган.
Небахтки, бизнинг давримизда ҳам ана шундай олижаноб бойларнинг борлиги инсониятнинг ўзига хос капитали, бебаҳо ғазнасидирки, бутун дунё таниган, билган ва эътироф этган ҳамюртимиз Алишер Усмонов ана шундай саховатли бойлардан биридир.
Эҳтимол, бойлик жиҳатидан бу инсон жаҳон миқёсида биринчи ўринда турмас, аммо бир ҳақиқатни рўйи рост айтадиган бўлсак, айниқса, Ўзбекистон ва Наманган аҳлига саховат бобидаги олижаноблиги таҳсинга лойиқ.
Мен Алишер Усмоновни шахсан кўрган эмасман, бироқ бу машҳур инсон атрофида бўладиган гаплар, шов-шувлар, ҳатто баъзи баҳсли мунозаралар, айрим шахслар билан унинг ўртасидаги зиддиятли мунозаралар кўпчилик унинг хайрихоҳлари, муҳлислари ва яқинлари қатори мени ҳам бефарқ қолдирмайди. Айниқса, биз наманганликлар учун ҳамюрт, ҳамшаҳар сифатида ҳам алоҳида қадрлидир. Таассуфланарли жойи шундаки, яқин-яқинларгача шу инсон ҳақидаги фикрлар тумандай хира эди.
Янги сиёсий иқлимга асос солган том маънодаги ЯНГИ ДАВР жуда кўп туманли фикрларни тарқатиб юборгани янглиғ, Алишер Усмонов шахсияти тўғрисидаги мулоҳазаларга ҳам аниқлик киритди, яъни у билан мамлакатимиз раҳбарияти ва халқимиз ўртасида самимий муносабатлар ўрнатилишига асос солди. Худди шу ўринда мен ўзим шоҳид бўлган бир тарихий воқеани айтмасам, кўнглим тўлмайди:
Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида Тўрақўрғондаги Ибрат мажмуаси хиёбонида зиёлилар, олим ва ижодкорлар билан мулоқот иштирокчилари қаторида бўлганим ҳали-ҳануз менга фахр, ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ўшанда давлатимиз раҳбари Алишер Усмонов билан телефон орқали боғланиб, Наманганда эканликларини, бир гуруҳ зиёлилар билан гурунг қилаётганликларини айтганларида Алишер Усмоновнинг овози янада кўтарилганини, ўктамлашганини қалбимиз билан ҳис этгандик.
Президентимиз Алишер Усмоновни бизнинг номимиздан Наманганга таклиф этгандилар. Ўшанда мени икки ҳолат ниҳоят даражада тўлқинлантирган, ҳаяжонга солган эди:
Биринчидан, Муҳтарам Юртбошимизнинг Нанайдаги боҳаво жойларни халқаро туризм объектларига айлантириш борасида халқаро бизнесменнинг эътиборини қаратиш бўлса, иккинчидан, Алишер Усмоновнинг худди шу фикрни кутиб тургандай, бу ишга бажонидил бош қўшиш масаласига тайёр эканини чин дилдан изҳор этгани, она-Наманган учун ҳеч нарсани аямаслигини эътироф қилгани бўлди. Энг муҳими, икки улуғ юртпарварнинг Ватан, унга сидқидил муҳаббат, унинг янада гуллаб-яшнаши тўғрисидаги муштарак туйғулари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.
Орадан кўп ўтмай, давлатманд юртдошимиз Нанай ободончилиги, шунингдек, “Обод марказ” Давлат Дастури ижроси доирасида 50 миллион доллар маблағ йўналтиргани элимизни бағоят қувонтирди. Йўналтирилган маблағлар самараси ўлароқ юқорида тилга олинган Дастур ижроси доирасида амалга оширган бунёдкорликлардан нафақат наманганликлар, балки бутун водийликлар қувониб, ҳамон дуода.
Олиҳиммат ҳамюртимиз пандемияни бартараф этиш масаласига 20 миллион, Сирдарёдаги тошқин оқибатларини тугатишга 10 миллион, Қозоғистондаги сув тошқинидан зарар кўрганларга 5 миллион доллар ажратгани ҳам худди оғир жароҳатга қўйилган ноёб малҳамдай асқотгани халқимизга аён ҳақиқатдир.
Алоҳида таъкидлагим келадики, Алишер Усмоновнинг бу борадаги тарихий хизматлари учун бултур Президентимиз фармони билан “Дўстлик” ордени берилгани ҳам бежиз эмасди.
Мамлакатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қисмини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига асос солиниши нафақат юртдошларимиз, балки кенг миқёсдаги ўзига тўқ, моддий жиҳатдан бақувват фуқароларни руҳлантириб юборди. Эътиборли томони шундаки, оқилга ишорат, - деганларидек, худди шу масалада ҳам пурҳиммат юртдошимиз Алишер Усмонов ўзининг олижаноб саховатини дариғ тутмасдан, ўз киндик қони томган Наманган шаҳри аҳолисидан уч минг, болалик йиллари истиқомат қилган Чуст тумани аҳолисидан бир минг, шунингдек қўшни Наманган тумани аҳолисидан бир минг эҳтиёжманд фуқаронинг ҳар бирига 2,5 миллион сўмдан хайрия маблағлари йўллагани айни Ҳайит арафасида кўнгилларни тоғдек кўтарди.
Бу ҳолатлар олийҳиммат юртдошимизнинг исмдоши, буюк бобокалонимиз, Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг қуйидаги сатрларини ёдга солди:
Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айламиш,
Онча борки, Каъба вайрон бўлса обод айламиш.
Дарҳақиқат, саховат соҳибининг саъй-ҳаракати билан қанчадан-қанча кўнгиллар шод, ғамлар барбод бўлдики, бунинг самараси эса, бойликка бойлик қўшилишида намоён бўлди. Хамирни хамиртуруш кўптирганидай, саховат - ҳимматнинг хамиртуруши эканлиги тажрибада жуда кўп синовдан ўтган.
Зиёвиддин МАНСУР,
вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бўлим бошлиғи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти